Янгиликлар
Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби
Маълумки, 2019 йил 21 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 704-сон қарори билан “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.
Ушбу Низомга кўра, тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш муассислар қарори билан амалга оширилади.
Қарор қабул қилингандан кейинги иш кунида қарор ва ҳужжатлар тегишли давлат хизматлари маркази (ДХМ) ва банкка тақдим қилинади.
ДХМ Тизим орқали тегишли маълумотларни олади.
Тугатиладиган корхона молия-хўжалик фаолиятининг энг узоғи уч йиллик даври (амалда 5 йил) текширилади.
Рўйхатдан ўтказилгандан молия-хўжалик фаолиятни амалга оширмаган ва солиқ қарзи бўлмаган корхонанинг ушбу фаолияти текширилмайди.
Даврий босма нашрда эълон бериш талаб этилмайди.
Тадбиркорлик субъекти – жисмоний шахс ўз фаолиятини тугатишда қарзи йўқлиги ҳақида хулоса олиш талаб этилмайди.
Мазкур тартиблар 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг ушбу (ВМҚ-704-сон) қарори билан “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Ушбу низомга кўра, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тижорат ташкилотлари фаолиятини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига пул маблағлари тушмаганлиги;
тўққиз ой мобайнида солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганлиги.
Тижорат ташкилотларининг банк ҳисобварақларига тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича пул маблағлари тушмаганда тижорат банклари уч иш куни ичида у ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда Тизим) орқали маълумот тақдим этади.
Давлат солиқ хизмати органи тижорат банкларидан маълумот тушгач ва (ёки) ҳисобот топшириш муддати тугагач уч иш куни мобайнида ушбу тижорат ташкилотлари тўғрисида Тизим орқали қуйидаги идора ва ташкилотларни:
рўйхатдан ўтказувчи орган ва рўйхатдан ўтган жойдаги давлат статистика органларини;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимини (кейинги ўринларда Бюро деб аталади);
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказувчи органни;
автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва рўйхатдан ўтказиладиган бошқа техника воситаларини рўйхатдан ўтказувчи органларни;
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигини хабардор қилади.
Ушбу идора ва ташкилотлар тегишли хабарнома тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида ўзларининг маълумотлар базаларида тижорат ташкилоти тўғрисида мавжуд бўлган маълумотларни Тизим орқали тақдим этади.
Давлат солиқ хизмати органи юридик шахслар бўйича:
а) қуйидагиларни:
тижорат ташкилоти ҳақиқатда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлигини;
мол-мулки мавжудлигини;
юридик ва фаолият кўрсатиш манзилида мавжудлигини;
тижорат ташкилотининг барча қарздорликлари (2-сон картотекаси) таҳлилини;
солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлиги мавжудлигини;
б) муассисларининг (қатнашчиларининг) турар жойини аниқлаш ва уларни тугатиш жараёнига жалб қилиш чораларини кўради;
в) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тижорат ташкилотлари муассисларига (қатнашчиларига) тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатишни таклиф этади. Тижорат ташкилоти ўн иш кунида ихтиёрий тугатишга киришмаган, тижорат ташкилоти муассислари (қатнашчилар) ихтиёрий тугатишни амалга оширишни рад этган, шунингдек, кўрсатиб ўтилган шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган тадбирларни амалга оширади;
г) тижорат ташкилотининг муҳри, штампларини (агар мавжуд бўлса), давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек, мавжуд бўлса товар белгисининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказган органга топширтириш чораларини кўради;
д) йиғилган ва мавжуд маълумотлар асосида тижорат ташкилотининг фаолиятини камерал солиқ текширувидан ўтказади.
Тижорат ташкилотининг солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорликлари аниқланмаган, мол-мулки мавжуд бўлмаган, тижорат ташкилоти муассисларини (қатнашчиларини), уларнинг вакиллари ва раҳбарини тугатиш жараёнига жалб этиш имкони бўлмаганда, давлат солиқ хизмати органлари Тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга ўн иш кунида тижорат ташкилотини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш тўғрисида тақдимнома юборади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган уч иш кунида:
давлат солиқ хизмати органларининг тақдимномасига асосан тижорат ташкилотини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказади, бу ҳақида давлат реестрига ҳамда Тизимга тегишли ёзув киритади;
тижорат ташкилотининг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида ўзининг расмий сайтида эълонни жойлаштиради;
тижорат ташкилотининг муассисларига (қатнашчиларига) Тизимда тижорат ташкилотининг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида хабарнома юборади.
Тижорат банклари ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тижорат ташкилотларининг ҳисобварақларини бир иш кунида ёпиб, пул маблағларини ҳаракатсиз депозит ҳисобварақларига ўтказади.
Ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тижорат ташкилотларига келиб тушган маблағлар уларнинг ҳаракатсиз депозит ҳисобварақларига кирим қилинади. Ушбу тижорат ташкилотларининг ҳисобварақларига қўйилган талаблар ҳаракатсиз депозит ҳисобварақларидан ҳисобдан чиқарилади.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар натижасида солиқ қарздорликлари аниқланган тақдирда,уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилади.
Тижорат ташкилотининг дебиторлик-кредиторлик қарздорликларини ундириш манфаатдор шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Тижорат ташкилоти фаолият кўрсатмаётган корхоналар тоифасига ўтказилгандан кейин давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тўхтатилади.
Ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тижорат ташкилоти фаолияти рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қуйидаги ҳолатларда:
тижорат ташкилотининг муассиси(лари), унинг қонуний вакиллари ёки вориси уч йилда тижорат ташкилоти фаолиятини давом эттириш тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилган тақдирда — муассиси(лар), қонуний вакил ёки ворисларнинг қарорига асосан;
тижорат ташкилоти суд ёки ижро иши юритиш жараёнига даъвогар ёхуд жавобгар сифатида эътироф этилган ёки унга нисбатан банкротлик иши қўзғатилган тақдирда, қайта тикланади.
Бунда тижорат ташкилоти янгидан ташкил этилган деб ҳисобланмайди, унинг фаолияти қайта тикланганлиги тўғрисида давлат реестрига ҳамда Тизимга тегишли ёзув киритилади.
Ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тижорат ташкилотини жавобгар ёки даъвогар сифатида эътироф этган орган (мансабдор шахс) бу ҳақида уч иш кунида рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиши шарт.
Тижорат ташкилотлари ҳаракатсиз ҳолатида сақланишига уч йил тўлганда рўйхатдан ўтказувчи орган:
ҳаракатсиз ҳолатига ўтказилган тижорат ташкилотлари фаолияти тикланмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уч иш кунида давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақида давлат реестрига тегишли ёзув киритади;
тижорат ташкилотининг муҳри, штампларини (агар мавжуд бўлса), давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек, мавжуд бўлса товар белгисининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилади. Агар уларни топиш имкони мавжуд бўлмаса, уч иш кунида бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотлар рўйхатга олиш органи сайтида эълон берилади.
Давлат реестрига тугатиш ҳақида ёзиб қўйилгандан сўнг тижорат ташкилотини тугатиш якунланган, тижорат ташкилоти эса мавжуд эмас деб ҳисобланади.
Давлат реестридан чиқарилган тижорат ташкилотининг банк ҳисобварақларидаги маблағлар тижорат банклари томонидан беш иш кунида тижорат ташкилотларининг пул маблағларини миллий ва хорижий валютадаги ягона ҳисобварақларида жамлайди ва ҳисобварақ очилган банк жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига тегишли тижорат банки томонидан ўтказилади.
Ҳаракатсиз ҳолатда турган тижорат ташкилоти давлат реестридан чиқарилгандан сўнг унинг солиқ ва йиғимлар бўйича ортиқча тўланган суммалари маҳаллий бюджетларнинг даромади ҳисобланади.
Тижорат ташкилоти муассислари (қатнашчилари), тадбиркорлик субъекти, тугатувчи ўзлари тайёрлаган, рўйхатдан ўтказган органга ва давлат солиқ хизмати органига тақдим этган ҳужжатларнинг тўғрилиги ва қонун ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавоб берадилар.
Вилоят адлия бошқармаси
бош маслаҳатчиси С. Мажидов