Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ўтказиш осонлашди


Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилди. Яъни илгари ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш ва унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойни ташкил этган бўлса, эндиликда бу 15 кунгача қисқартирилди.

Мазкур тартиб Президентнинг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ–5012-сон, 03.03.2021 й.) билан белгилаб қўйилди.

Мазкур ҳужжат ННТлар фаолияти билан боғлиқ яна бир қатор ўзгаришларни назарда тутади. Хусусан, қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

· Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилди;

· Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди;

· Нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди;

· Маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратилади;

·  2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жами 15 та коворкинг-марказлари ташкил этилади.

Қарорга асосан, фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар йўналтирилади.

 С. Бўриев.
Вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси