Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Коррупцияга қарши курашишда хориж тажрибаси


  Кишилик жамиятидаги энг хавфли иллатлардан бири бўлган коррупция мамлакат обрўси, инвестициявий жозибадорлиги, иқтисодий тараққиёти, аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади. Коррупция­­га қарши кураш турли мамлакатларда турлича йўллар билан амалга оширилади. Қуйида бу борадаги жаҳон тажрибаси ҳақида сўз юритилади. «Ҳокимиятни пулга сотиб олганлар ундан фойда олишни истайди», деган эди қадимги юнон файласуфи Арасту. Ўшандан бери орада қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо коррупция билан боғлиқ муаммо ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Боз устига, унга қарши курашнинг самарали усули ҳам яратилмади. Аксинча, XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб коррупция халқаро муаммолардан бирига айланди. Айни дамда коррупция халқаро савдода катта миқдорда зарар келтирмоқда.
  Коррупция билан боғлиқ муаммо давлат ва ҳукумат раҳбарлари, полиция ва журналистларнинг дои­мий эътиборида. Таҳлилчиларнинг фикрича, биргина коррупция «кўҳна қитъа» иқтисодиётига ҳар йили 120 миллиард евро миқдорида зарар етказади. Европа Иттифоқининг аксилкоррупция агентлиги – OLAFнинг таъкидлашича, бу айсбергнинг юқори қисми, холос. Аслида, Европа мамлакатлари коррупция туфайли йилига 323 миллиард евродан маҳрум бўлади. Кузатувчиларнинг фикрича, коррупциянинг ҳақиқий қамровини реал баҳолашнинг имконияти мавжуд эмас. Европа Иттифоқи мамлакатлари аҳолиси ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шуни кўрсатадики, респондентларнинг 76 фоизи коррупция ўсиб бораётганини қайд этган. Европада энг коррупциялашган мамлакат Греция бўлиб, кейинги ўринларни Италия, Испания, Литва, Чехия эгаллаган. Шу ўринда жаҳоннинг турли давлатларида коррупцияни бартараф этиш йўлида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилганини айтиб ўтиш жоиз. Бу борада, айниқса, Сингапур таж­рибаси жуда машҳур. Чунки у чорак аср мобайнида «учинчи дунё мамлакати»дан етакчи фаровон давлатга айланди. Бу мақомга эришишда коррупцияга қарши кескин курашилгани бош омил бўлди. Ўтган асрнинг 50-йилларида Сингапур жуда ҳам қашшоқ эди. Табиий ресурсларнинг етишмаслиги, ҳатто ичимлик сувининг четдан олиб келиниши давлат идораларида илдиз отган коррупция олдида арзимаган иш бўлиб кўринарди. Ҳамма, ҳатто ўқитувчилар ҳам пора оларди. Аммо Сингапур ҳукумати коррупция устидан ғалаба қозонди. Бунда, биринчи навбатда, мамлакат раҳбариятининг қатъий иродаси муҳим аҳамият касб этди.
Бош вазир Ли Куан Ю коррупцияга барҳам беришда ўз қариндош­лари ва ҳукуматдаги маслакдош­ларини ҳам аяб ўтирмади. Ҳар бир фуқаронинг шубҳали хатти-ҳаракатлари текширилди, айбдорларга муносиб жазо берилди.
  Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашга қаратилган янги қонунлар қабул қилинди. Учинчидан, бу қонунларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалда чекланмаган ваколатларга эга бўлган Коррупция ҳолатларини текшириш Бюроси ташкил этилди. Бюро бевосита давлат раҳбарига бўйсунгани ҳар бир давлат амалдорига нисбатан адолатли тергов олиб борилишини таъминлади.
   Шу ўринда Руминия тажрибасини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин. 2007 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлган бу мамлакатда коррупция чуқур илдиз отган эди. Унга қарши кураш бирор-бир натижа бермасди. Вазиятни кузатиб борган Еврокомиссия бу иллатга қарши курашга аралашишга аҳд қилди. Унинг экспертлари 2011 йилда Руминия учун аксилкоррупция стратегиясини ишлаб чиқди. Бу лойи­­ҳа тезда ўз самарасини берди. Мамлакатда коррупцияга қарши кураш Миллий аксилкоррупция бош­қармаси ва Миллий яхшилик масалалари агентлигига топширилди. Бу икки идора 2013 йилда мингдан ортиқ ишни судга топширди. Порахўрликда гумон қилинган кўплаб вазир, элчи, мэр, полиция ва божхона ходимлари қўлга олинди. Европа Иттифоқи маҳаллий сиёсатчилар суд ва ОАВнинг биргаликда амалга оширган саъй-ҳаракатлари бу мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлигини таъминлади. Бундай тўғри стратегия коррупциянинг илдизига болта урди.
  Узоқ йиллардан бери коррупция­лашган давлатлар рўйхатига кирмай келаётган Швецияда XIX асрга қадар порахўрлик одатий ҳол ҳисобланган. Ҳукумат вазиятга аралашмайдиган бўлса, бу иллат мамлакатни пароканда қилиши мумкинлигини англаб етган. Бироқ бу борада бошқача йўл тутди – жазолаш, чеклаш ва тақиқлаш ўрнига барча рағбатлантирилди. Бу иш адолатли солиқ сиёсати, имтиёзлар ва субсидиялар орқали амалга оширилди. Аксилкоррупция стратегия­сини ҳаётга татбиқ этишда ҳукуматга судлар катта ёрдам берди. Давлат хизматчилари учун қатъий ахлоқ меъёрлари белгиланди. Кейинги босқичда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга эътибор қаратилди. 2012 йилда мамлакатда коррупцияга қарши янги қонун қабул қилиниб, унга мувофиқ пора олиш ёки бериш оғир жиноятлар туркумига киритилди.
 Жанубий Кореяда коррупция­­га қарши жиддий кураш 1999 йилда «OPEN» дастурнинг ишга туширилиши билан бошланди. Бу дастурга асосан ҳар бир фуқаронинг амалдорга мурожаати онлайн тизимида назорат қилинади. Бу ҳукумат расмийларини ҳар бир мурожаатга зудлик билан муносабат билдиришга мажбур қилди. Натижада пора орқали масалани «ижобий» ҳал қилиш ўз-ўзидан имконсиз воқеликка айланди. 2002 йилда кучга кирган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунга биноан ҳар бир фуқаро ҳар бир амалдор устидан суриштирув олиб боришни ташкиллаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Буни рад этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
   Дунё миқёсида Хитой Коррупция­­га қарши шафқатсиз кураш олиб бормоқда. 1980 йилда қабул қилинган ва 1997 йилда тўлдирилган Жиноят кодексига асосан порахўр олган пораси миқдорига қараб турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинади. Ҳатто умрбод қамоққа ҳукм қилиниши ёки ўлим жазоси берилиши мумкин. Қатл телевидение орқали намойиш этилади. Кейинги 15 йилда Хитойда коррупция айби билан 13 минг киши отилган ва 120 мингдан ортиқ киши 10 йил ва ундан кўп муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ бундай шафқатсиз жазо чоралари ҳам етарлича самара бераётгани йўқ.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, коррупцияга барҳам бериш учун давлатнинг қатъий иродаси, самарали қонунлар ва тўлиқ мустақил бўлган аксилкоррупция идораси зарур. Бунда амалдорларнинг коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари кенг жамоатчиликка ошкор қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, холислик ва шаффофлик тараққиёт шартидир.

  Ориф Муҳаммадиев.
Вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи