Янгиликлар
Солиқ соҳасидаги янгилик
ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш учун солиқ органларига ариза билан мурожаат қилиш талаби бекор қилинади
“Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5231-сон, 24.08.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар ҳиcобга олинади.
Ушбу имконият интизомли солиқ тўловчиларга (охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган) татбиқ этилади.
Товарлар “экспорт” божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 кун ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисобварағига келиб тушмаган тақдирда, ҚҚСнинг ҳисобга олинган суммаси ёки унинг тегишли қисми белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
2022 йил 1 январдан:
ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади;
солиқ тўловчига тегишли солиқ даври учун солиқ ҳисоботини топширишда, солиқ органларини хабардор этган ҳолда ҚҚС салбий суммасини қоплаш (қайтариш) талабини билдириш ҳуқуқи берилади.
2021 йил якунига қадар товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқилади ҳамда мазкур тартиб тажриба тариқасида 2022 йил 31 декабргача амалиётга жорий қилинади.