Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Одам савдоси XXI асрнинг энг долзарб муаммоларидан биридир


       Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам  манзилли ишларни амалга оширмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 21 миллиондан ортиқ киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади.
       Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизидан кўпроғини аёллар ва болалар ташкил этади. 2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. 2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.
      Бугунги кунда кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йил 17 августда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Аммо бу хотиржам бўлишимиз учун етарли эмас. Шу боис, Ўзбекистонда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда. Қонунга мувофиқ, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш - одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш ҳамда чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади. Шунингдек, қонунга мувофиқ республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.
       Хусусан, Нуробод туман адлия бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ушбу муҳим йўналишда тегишли тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга ошириб келинмоқда.

 

Нуробод туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси Ю.Амиров