Янгиликлар
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фермер хўжалигининг роли
Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири — қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш масаласига устувор аҳамият берилди. Сабаби, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз файзи бевосита ушбу тармоқ истиқболига боғлиқ эди.Шунинг учун аграр секторда ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида бозор муносабатларини жорий қилиш ва хусусий мулкчилик шаклини такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда. Бу эса ўзининг юксак самараларини бераётир. Узоққа бормайлик, ўтган йили мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида 7 миллион тоннадан ортиқ юксак ғалла хирмони бунёд этилгани, 3 миллион тоннадан зиёд пахта етиштирилгани бунинг яққол далилидир.
Очиғи, илгари бундай натижага эришишни фақат орзу қилиш мумкин эди. Негаки, эндигина мустақилликка эришган чоғимизда республикамизда етиштирилган доннинг умумий ҳажми 940 минг тоннани, ўртача ҳосилдорлик эса гектарига атиги 17 центнерни ташкил этган эди, холос. Ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришиб, донни импорт қилувчи давлатдан уни экспорт қилувчи қудратли мамлакатга айланди. Шунга мос равишда ҳосилдорлик ҳам кўтарилиб, гектар ҳисобига 55 центнерга етди. Ўнлаб илғор фермер хўжаликларида эса бу кўрсаткич ҳатто 90 — 100 центнерни ташкил этмоқда.
Бундай оламшумул ютуқлар замирида, шубҳасиз, Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигига мулкчиликнинг янги шакли — фермерлик ҳаракати жорий қилингани, унинг ривожига кенг йўл очиб берилгани мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Дарҳақиқат, дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибасида ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракати юртимизда ҳам жуда қисқа давр ичида нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси, балки аграр соҳани ва у билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларни ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий куч сифатида майдонга чиқди. Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келаётгани бунга тўла асос бўла олади.Бевосита Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлиги остида фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёз ва преференциялар беришнинг самарали тизими ишлаб чиқилиб, унинг ижроси изчил таъминланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фермер хўжаликларининг молиявий ва иқтисодий жиҳатдан тезда оёққа туриб олишлари учун қулай имконият яратаяпти. Масалан, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани шакллантириш, ирригация тизимини барпо қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун маблағлар давлат бюджети томонидан молиялаштирилмоқда. Уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари дейсизми, кимёвий воситалар бўладими — буларнинг бари дала бошигача етказиб берилаётир. “Фермер бой бўлса — мамлакат обод бўлади” деган шиордан келиб чиқиб, шунингдек, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш, соҳанинг ҳуқуқий асос ҳамда кафолатларини яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ер майдонларини мақбуллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада одамларнинг ерга, мулкка эгалик ҳисси ошиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги кўтарилиши баробарида, етиштирилган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланаяпти.
Ҳаммамизга маълумки, совет тузуми даврида хусусий мулк бўлмаган. Собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўлдик. Бугун фермерлар — мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч, демакдир. Лекин фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим. Чунки фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучдир”.Қишлоқ мулкдорлари олдига қўйилган ана шундай улкан мақсадлар босқичма-босқич рўёбга чиқарилаётгани туфайли фермерлик ҳаракати шаклланиш давридан ўтиб, ривожланишнинг ойдин йўлига чиқиб олди. Гап шундаки, ширкат ва жамоа хўжаликлари тугатилгач, уларнинг негизида дастлаб 220 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ташкил этилган эди. Ислоҳотларнинг кейинги босқичида, яъни 2008 — 2010 йиллар давомида уларнинг ер майдонлари мақбуллаштирилиб, қишлоқ мулкдорлари яна бир бора сараланди. Пировардида бугунги кунда соҳада иқтисодий салоҳияти юқори бўлган 73 мингдан зиёд илғор фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу жараёнда фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни татбиқ этиш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Аксинча, бу йўналишдаги ишлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда. Фермерлик ҳаракатини ташкил қилиш ва бошқариш тизимидаги мазкур янги тузилма, ўз навбатида, фермерларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини янада кучайтириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, энг асосийси, соҳага илм-фан ютуқлари ва энг замонавий агротехнологияларни жорий қилиш имконини берди. Бунинг самараси ўлароқ, эндиликда фермерлар бир йўналиш билан чегараланиб қолмаяпти. Улар бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, қўшимча тармоқларни ишга тушириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, етиштирган маҳсулотини шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш, энг асосийси, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда ташаббускор бўлмоқда. Фермерлар томонидан бозор талаби пухта ўрганилган ҳолда, замонавий технологик ускуналар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган ноз-неъматлар ички бозордан мустаҳкам жой эгалламоқда. Уларнинг сифати юқорилиги, нархи эса арзонлиги боис кун сайин харидоргир бўлиб бораяпти. Бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилишни истасангиз, ўнлаб фермер хўжаликлари тамғаси туширилган маҳсулотларни татиб кўринг. Шунда ўзингиз ҳам харидорлар сафига қўшилганингизни сезмай қоласиз. Ер юзи аҳолиси кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ижобий ҳал этиш энг асосий масаладир. Чунки жаҳонда бундай маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ўсишидан ортда қолмоқда. Атроф-муҳитнинг экологик жиҳатдан бузилиши, иқлим ўзгаришларининг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари, тез-тез такрорланаётган қурғоқчилик ва сув ресурслари тақчиллиги каби омиллар вазиятни янада мураккаблаштираётир. Оқибатда бугунги кунда сайёрамизда ҳар саккиз кишидан бири тўйиб овқатланмасликдан азият чекаяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ривожланаётган мамлакатларда ҳар бир киши тавсия этилган кундалик 400 грамм ўрнига жуда кам миқдорда — бор-йўғи 150-200 грамм мева ва сабзавот истеъмол қилмоқда.
Чиндан ҳам, Ўзбекистон деҳқончилик ва боғдорчилик бобида юксак салоҳият ҳамда катта тажрибага эга. Бунда, шубҳасиз, фермерлик ҳаракатининг муносиб ўрни бор. Юртимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилаётгани, аниқроғи, аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келаётгани, бу эса мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўплиги ана шундан далолат беради.