Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Фермерларнинг ҳуқуқлари қандай йўллар билан тикланмоқда?


Юртимизда аграр соҳада бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш  борасидаги босқичма-босқич ислоҳотлар  сабаб  одамлар пахта ва ғалладан, мева-сабзавот, полиз экинларидан яхши даромад олишни тушуна бошлади.


Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ва зарур шарт-шароитлар яратилди.

Хусусан, сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалигини  қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш  учун 30 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрда имзоланган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида замонавий бозор механизмларини жорий этишга хизмат қилмоқда.

Бозорда албатта олди-сотди, ижарага бериш каби келишувлар бўлади.

Келишув - шартномалардаги шарт бу бирор мажбурият қўйиш ёки мажбуриятни зиммага олишдир.

Бу масалада Ислом динида ҳам битимлар (ўзаро келишув шартномаси) ёки ерни ижарага бериш келишув битимида ижарага берувчи биринчи томон ва иккинчи томондан ижарага олувчининг иштирокида, ўзаро розиликда  тузилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан республикада фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларига берилган ер участкалари ижара шартномаларининг расмийлаштирилиши ҳолати таҳлил қилинди.

Аниқланишича, Тошкент вилоятида 2930 та фермер хўжалигининг 170583 га ер майдони, Сирдарёда 1315 та фермер хўжалигининг 50302 га, Фарғонада 557 та фермер хўжалигининг 8132 га, Қашқадарёда 316 та фермер хўжалигининг 22526 га, Бухорода 306 та фермер хўжалигининг 19106 га, Сурхондарёда 274 та фермер хўжалигининг 19805 га, Жиззахда 284 та фермер хўжалигининг 26264 га, Хоразмда 271 та фермер хўжалигининг 21017 га, Андижонда 37 та фермер хўжалигининг 597 га, Самарқандда 19 та фермер хўжалигининг 470 га, жами 6309 нафар фермер хўжаликларига берилган 338802 га ер участкаларини ижарага бериш шартномалари расмийлаштирилиб берилмаган.

Бу ҳолатлар фермер хўжаликларининг ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқининг бузилишига ва уларнинг асосли эътирозига сабаб бўлиб, судларда ижара шартномаси билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилишига салбий таъсир кўрсатади.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида фермер хўжалигининг ер участкаси чегараларини натурада (жойнинг ўзида) белгилаш ҳамда ер тузиш лойиҳаларига мувофиқ фермер хўжалигига ер участкасини ижарага бериш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ер тузиш хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

“Ижара тўғрисида”ги Қонуннинг 7-модасига асосан ижарага берувчи ижарага топширилган мулкдан фойдаланишга халақит бераётган ундаги нуқсонлар учун, шу жумладан шартнома тузиш чоғида аниқланмаган нуқсонлар учун ҳам жавобгардир.

Агар ижарага берувчи ижарага берилган мулкни ижарачига фойдаланиш учун ўз вақтида бермаган бўлса, ижарачи ундан бу мулкни талаб қилиб олиш хамда ижрони кечиктириб юборганлиги оқибатида етказилган зарар ўрнини қоплашни талаб қилишга ёхуд шартномадан воз кечиб, шартномани бажармаганлик оқибатида ўзига етказилган зарарни ундириб олишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 31-бандида туман ҳокими томонидан фермер хўжалигига ижарага ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан беш кун муддатда намунавий шаклга мувофиқ ер участкасини ижарага бериш шартномаси тайёрланиши белгиланган.

Юқоридаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига 6309 нафар фермер хўжаликларига берилган 338802 га ер майдонини ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш масаласини ваколат доирасида кўриб чиқиш юзасидан 2021 йил 29 июнда хат киритилди.

Бу ҳолатлар бўйича Кенгаш томонидан киритилган хатга асосан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2021 йил 26 июлдаги жавоб хатига кўра, юқоридаги фермер хўжаликларининг ер ижара шартномаси расмийлаштирилиб, туман ҳокимликларига юборилганлиги ва 82534 та (95%) фермер хўжаликларининг ер майдонлари ArcGis дастурига киритилиши таъминланди.

Фермерларнинг ҳаққи ундириб берилмоқда.

Республика бўйича фермер хўжаликлари фойдасига етказиб берувчи, хизмат кўрсатувчи  ва тайёрлов ташкилотларининг мавжуд қарздорликларини ундириш бўйича 2335 та талабномалар орқали 30.762 млрд. сўм, 4002 та даъво аризалари киритилиб, 115.874 млрд. сўм маблағлар суд қарорларига асосан ундириб берилди.

Мисол учун, Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судига Избоскан тумандаги 164 та фермер хўжаликларини “Сохиб омад барака” МЧЖ кластер ва “Бест текстил интернационал” МЧЖ кластерларидан 22 млрд. 429 млн сўм бўлган хақдорликларини ундириш юзасидан киритилган даъво аризаларига мувофиқ, 78 та фермер хўжалигининг фойдасига 12 млрд. 849 млн. сўм маблағлар суднинг қарорига асосан ундириб берилди. Қолган даъво аризалар судларда кўрилмоқда.

Фермерлар манфаатида.

Фермер ва деҳқонларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4634-сон “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига  мувофиқ, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди.

Фермерлар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар  асосида эркин нархларда сотилиши белгиланди.

Эндиликда, фермерларимиз томонидан етиштирилган ғалланинг контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларидан ортиқча қисми фермер хўжалигининг ўзида қолиши, ўзи хохлагандек ишлатиши лозим.

Шундай пайтда, фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ғалла режасини бажариб ортиқча қисмидан мўмай фойда олаётганлигини кўролмайдиган ва фермернинг фойдасига шерик бўладиганлар ҳам топилиб қолади.

Фермерларнинг шартномадан ортиқча етказиб берилган буғдойини биржадаги эркин нархда тўлаб бериш юзасидан 20 нафар фермер хўжалигининг фойдасига тайёрлов корхоналарига нисбатан Қоракўл ва Когон туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари киритилди.

Масалан; “Қурбонов Ғафур Ҳасанович” фермер хўжалиги томонидан “Қоракўлдонмахсулотлари” АЖга етказиб берилган 23,8 тонна ғалла маҳсулоти учун маблағларни бозор нархида ҳисоблаб ундириш бўйича киритилган даъво аризалари иқтисодий судга кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда республика бўйича фермерлар томонидан топширилган ортиқча ғаллани бозор нархида ҳисоб-китоб қилиниши аҳволи мониторингдан ўтказилмоқда. 

Фермерлар билан очиқ мулоқот.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Telegram ижтимоий тармоғида “Фермер ва деҳқон ҳуқуқий маслаҳатчиси” телеграм канали ва гуруҳи ишга туширилди.

Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар (шаҳар) Кенгашларининг 100 дан ортиқ малакали ҳуқуқшунослари томонидан фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларига онлайн шаклда тезкор бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Телеграм канали ва гуруҳига фермерлардан келиб тушган хабарлар ва маълумотларга қонуний муносабат билдирилмоқда.

Мисол учун, Бухоро вилоят фермерлари ғўзага, аҳоли томорқасига сув етиб келмаётганлиги, фермерларнинг ер майдонида экилган ғўза ҳосили сувсизликдан нобуд бўлаётганлиги ҳақида хабарлар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги
ПФ–6200-сон “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ҳосил етиштириш ойларида фермер хўжаликларига тузилган шартномаларга мувофиқ график асосида сув етказиб берилмаётганлиги пахта ҳосилини етиштирилишига салбий таъсир кўрсатади.  

Фермер хўжаликларининг экин майдонларига сув етказиб берилмаётганлиги ҳақидаги муаммоларини ваколат доирасида кўриб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2021 йил 11 июнь куни Сув хўжалиги вазирлигига хат киритилди.

Шу каби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майда
Ф-5569-сонли “Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба сув омбори” тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда туман ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда қишлоқ хўжалиги экинларига, жумладан ғалла, пахта, мева-сабзавот ва бошқа экин турлари бўйича зарар етказилган майдонларни аниқлаб, ҳар бир туман кесимида бажариладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда тезкор тарзда амалга оширилишини таъминлаш белгиланган.

Жойларда туман ҳокимликларида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг зарар кўрган ер майдонлари, экинлари ва кўчатлари сони аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилган.

Бироқ, туман ишчи гуруҳлари томонидан расмийлаштирилган далолатномалар асосида боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига етказилган зарарларнинг миқдорини баҳоловчи ташкилотлар орқали баҳолаш
ва зарарларни қоплаб бериш чоралари кўрилмаган.

Оқибатда, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида боғдорчилик йўналишида фаолият олиб бораётган зарар кўрган фермер хўжаликлари томонидан юқори турувчи идораларга ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида туман ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Сардоба (151 га), Оқолтин (862 га) ва Мирзабод туманида (1598 га) жами 2611 гектар ер майдони, шундан 306 гектар боғ, 69 гектар сабзавот, 17 гектар картошка, 427 гектар полиз ва 1792 гектар бошқа турдаги экин майдонларига зарар етказилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, экин майдонлари талофат кўрганлиги оқибатида фермер хўжаликлари 17 млрд. 752 млн. сўм зарар кўрган.

Кенгаш томонидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида сув тошишидан зарар кўрган боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига етказилган зарарларни баҳолаш ва қоплаб бериш масаласини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сирдарё вилоят ҳокимлигига хат киритилган.

Ҳурматли фермерлар, ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига (71 233-06-79 телефон рақами, ёки “Фермер ва деҳқон ҳуқуқий маслаҳатчиси” телеграмм канали ва гуруҳи, кенгашнинг расмий сайти: uzfk.uz орқали) мурожаат қилинг.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими