Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Адлия кўмаги билан фермернинг ери қайтариб берилди


                   Барчамизга маълумки, жорий йилнинг июнь-декабрь ойларида Адлия вазирлиги томонидан фермер хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг олдида турган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси эълон қилинган. Мазкур акция доирасида республиканинг бутун ҳудудида, шу жумладан Самарқанд вилоятида ҳам адлия органлари томонидан фермер хўжаликларига амалий ёрдам бериш чоралари кўрилиб келинмоқда.
            Хусусан, Каттақўрғон туман адлия бўлимига тумандаги “Ҳикматобод” фермер хўжалиги раҳбари Н.Турдиев туман ҳокимининг фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қароридан норози бўлиб, мурожаат қилган. Аниқланишича, Каттақўрғон туман ҳокимининг 2018 йил 18 сентябрдаги 1663-Қ-сон қарори билан туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасига ўзгартириш киритилиб, “Ҳикматобод” фермер хўжалиги ҳисобида жами 15,7 гектар ер майдонлари 36 (ўттиз олти) йил муддатга чорвачилик йўналишида ижарага қолдирилган. Каттақўрғон туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг 2021 йил 29 майдаги хулосасига асосан фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси ҳамда туман ҳокимининг 2018 йил 18 сентябрдаги 1663-Қ-сонли қарори туман ҳокимининг 2021 йил 31 майдаги 520-Қ-сонли қарори билан бекор қилиниб, фермер хўжалигини тугатиш белгиланган.
         Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасига асосан ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади. Шунингдек, ушбу кодекснинг 38-моддасига асосан ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин ер участкасини берган органга ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Ер участкасини берган орган тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритади.
           Юқоридагиларга асосан, жорий йилнинг 17 август куни Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидан “Ҳикматобод” фермер хўжалиги манфаатларини кўзлаб, туман ҳокимининг 2021 йил 31 майдаги 520-Қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Самарқанд туманлаларо маъмурий судига ариза киритилди. Самарқанд туманлаларо маъмурий судининг 2021 йил 8 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан туман адлия бўлимининг аризаси қаноатлантирилди ва Каттақўрғон туман ҳокимининг 2021 йил 31 майдаги 520-Қ-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, ер участкаси фермер хўжалиги ихтиёрида қолдирилди.

 

Каттақўрғон туман
адлия бўлим бошлиғи Ўткир Ҳакимов