Янгиликлар
Мактабларда ремонт учун пул йиғилиши тўғрими?
Фарзанди мактабга борадиган ҳар қандай ота-онага турли пул йиғимлари масаласи жуда яхши таниш. Синф фонди, мактаб фонди, таъмирлаш, обуна, металлом ва ҳоказо учун бир йилда анча-мунча сумма бериб қўйилади. Ҳеч бир мезонларда кўрсатилмаган ва ҳеч қаерда қайд қилинмайдиган ушбу маблағларни ота-оналардан талаб қилиш қонунийми? Шундай шароитда фуқаролар қандай йўл тутишлари керак? Мактаблар ва бошқа таълим муассасалари томонидан таъмирлаш учун ўқувчи ва ўқитувчилардан пул йиғилиши ноқонуний ҳисобланади. Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. Айрим ота-оналар бу пулни оғринмай берса-да, кўпчиликда норозилик туғилади. Лекин атрофдагиларнинг босими ва фарзандига ўқитувчининг муносабати ўзгармасмикан деган ўй билан ота-оналар ушбу асоссиз тўловларга рози бўлади. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон ҳудудида қанча вақт яшаётганидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган. Аслида мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан пул маблағлари ажратилади. Ўзбекистон Респуликаси Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3931-сон қарорига асосан Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган. Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шу жумладан зарурат бўлганда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар ташкил этган ҳолда кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низомнинг 70-бандига кўра, мактаблар фаолиятини молиялаштириш тегишли харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида”ги 203-сон қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 августга қадар мактаблар моддий-техника базасини тайёрлашни, ўқувчилар учун зарур санитария-маиший ва ижтимоий шароитлар яратилишини таъминлаши зарур. Шундай экан, ажратилган маблағларнинг ўз манзилига тўлиқ етиб боришида нафақат давлат назорат органлари, балки жамоатчилик, хусусан, ота-оналарнинг ҳам ҳушёрлиги ва масалага масъулият билан ёндашуви талаб этилади. Пул сўралганда асос талаб қилиш, ажратилаётган маблағлар қаерга кетаётгани билан қизиқиш, зарур ўринларда тегишли органларга, жумладан прокуратурага мурожаат қилиш орқали ота-оналар жамоаси мазкур маиший коррупцияга қарши қонуний йўл билан курашишлари ва ушбу иллатга узил-кесил барҳам берилишига ҳисса қўшишлари мумкин.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси