Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари учун сайёр қабул ўтказилди


Самарқанд шаҳар Марказий тиббиёт бирлашмасида “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” акцияси доирасида мазкур соҳа вакиллари учун сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида вилоят Адлия бошқармаси ва Самарқанд шаҳар адлия бўлими ходимлари томонидан мурожаатлар қабул қилиниб, мазкур икки соҳа вакилларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ органи ва нотариуслар томонидан сайёр хизматлар кўрсатилди.
— Тўрт йилдан бери қийнаб келаётган муаммоимни ечимини тополмай сарсонман, — дейди Гулруҳ Султанова. — Шу муддат ичида бир муамоим бир нечтага айланди. Собиқ турмуш ўртоғим, мен билан қонуний ажрашмай туриб, бошқасига уйланиб олди. Оқибатда болаларим билан кўчада қолдик. Алимент, фарзандларим билан боғлиқ бошқа масалаларда ҳам тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Бормаган жойим қолмади, бугунги сайёр қабулда бузилган ҳуқуқларимни тиклаш бўйича масъулларга мурожаат қилдим. Муҳими, энди мени қийнаган тугунлар ечилишига ишонч уйғонди.
Таъкидлаш керакки, тадбирда бандлик, субсидия, иш ҳақи, уй-жой ажратиш, алимент, болани боғчага жойлаштириш, ўқитувчиларга устама тўлаш ҳамда шу сингари бошқа соҳалар бўйича 100 га яқин мурожжатлар бўлди. Хусусан, шаҳримиздаги тиббиёт муассасаларининг бирида ҳамшира бўлиб фаолият юритувчи Меҳрангиз Абдуллаева уй-жойининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда бироз муаммолар юзага келганини айтиб, қонуний ечимини топишга ёрдам сўради ва унинг мурожаати шу ернинг ўзида кўриб чиқилиб, тегишли тартибда сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Сайёр қабулда соҳа вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида тарғибот ишлари амалга оширилди. Жумладан, меҳнат қонунчилиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид викториналар ташкил этилиб, энг фаол иштирокчиларга Адлия бошқармасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган акция жорий йилнинг 15 майига қадар Самарқанд вилоятининг бошқа туман (шаҳар)ларида ҳам давом этади.
— Акция доирасида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 360 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди, — дейди вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Зоҳидов. — Мурожаатларнинг 254 таси қаноатлантирилиб, 42 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 52 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 450 та тақдимнома, судларга 265 та даъво аризалари, 480 та огоҳнома, 1 та жиноий, 35 та маъмурий таклиф киритилиши таъминланди.
Жумладан, таълим ва тиббиёт тизими ходимлари манфаатига 1.4 млрд. сўмлик 260 дан ортиқ даъво аризалар ҳамда 450 дан ортиқ тақдимномалар бўйича 1.2 млрд. сўм ходимларга ундирилиб берилди. Шунингдек, 190 та ҳужжат бекор қилинди. Қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйган 250 дан ортиқ ходим интизомий, 30 дан ортиқ ходим маъмурий жазога тортилди.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими