Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

АДЛИЯ АРАЛАШУВИ БИЛАН АНОРАНИНГ 12 ЙИЛЛИК АРМОНЛАРИ УШАЛДИ


#Адлия_аралашгач

 

Оқдарёлик 12 ёшли Анора Ҳомидова бугунгача мактаб остонасига қадам қўймаган. Чунки шу пайтга қадар унинг туғилганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжати йўқ эди. Агар у вақтида туғилганлик гувоҳномаси олганида ҳозир тенгқурлари қатори 5 синфда ўқиётган бўларди.

 

Анора ҳақида гап кетганида адлия органларининг жойларда аҳоли билан ўтказаётган оммавий қабуллари, сайёр хизматлари ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Зеро, у ҳам 12 йиллик муаммосига ана шундай сайёр қабуллар туфайли ечим топди. Таъкидлаш жоизки, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошчилигида вилоятдаги туман (шаҳар)ларда мунтазам равишда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни жойида ҳал этишга қаратилган учрашувлар, қабуллар ўтказилиб келинади. Оқдарё туманининг “Фармонобод” қишлоғида бўлиб ўтган ана шундай қабул давомида Анора туғилганлик гувоҳномаси олишда ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

 

Унинг мурожаати асосида туман ҳокимлиги қошидаги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Маълум бўлишича, Аноранинг отаси вафот этгач, онаси бошқа турмуш қуриб кетган ва Анора олти ойлигидан бобоси қўлида тарбияланиб келган. Шу-шу турли сабаблар оқибатида унинг туғилганлигини расмийлаштириш эътибордан четда қолган. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Оқдарё туман ФҲДЁ бўлими томонидан зарур ҳужжатлар тўпланиб, унинг гувоҳномаси расмийлаштирилди ҳамда сайёр тарзда топширилди.

 

Айни пайтда туман адлия бўлими аралашуви билан уни мактабга чиқариш чоралари кўрилмоқда. Қисқа қилиб айтганда, Анора расман фуқаролиги тасдиқланганидан ва бошқа ёшлар сингари таълим-тарбия олиш имкониятига эга бўлаётганидан хурсанд.  

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими