Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

АДЛИЯ ХОНАДОНИНГИЗДА Самарқандда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган янги лойиҳа йўлга қўйилди


#Инсон_қадри_учун

 

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги ташаббусга қўл урди. Янги лойиҳа Нотариал палатанинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда “маҳаллабай” асосида аҳолининг муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга йўналтирилган.

 

Лойиҳа бугундан ишга тушди. Бунда адлия бошқармаси, туман (шаҳар) адлия бўлимлари, Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари, юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари, нотариуслар ўзларига бириктирилган маҳаллаларда бўлиб, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда ҳафтанинг ҳар шанба куни хонадонма-хонадон юрган ҳолда фуқаролар билан мулоқотда бўлишмоқда.

 

— Лойиҳага 400 нафарга яқин тизим ходимлари жалб қилинган, — дейди Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими, лойиҳа бошқарувчиси Ориф Муҳаммадиев. — Улар босқичма-босқич вилоятдаги ҳар бир маҳаллада бўлишади. Жумладан, лойиҳанинг дастлабки кунида 300 та маҳаллаларга кирилди. Ҳар бир хонадоннинг ижтимоий аҳволи, уларни қийнаётган, қизиқтираётган масалалар ўрганилмоқда. Ишчи гуруҳ ишини вилоят адлия бошқармасида ташкил этилган штаб назорат қилиб борилиш таъминланган. Демак, ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди.  

 

Бунда айниқса, ижтимоий ҳимояга (асосан, ҳуқуқий ёрдамга) муҳтож, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи фуқароларга биринчилардан бўлиб ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади. Шунингдек, маҳалланинг ижтимоий-маънавий муҳитидан (криминоген ҳолатидан) келиб чиқиб кенг аҳоли қатлами орасида ер сотиш, коррупция, одам савдоси, безорилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Муҳими, тадбир давомида ҳар бир фуқаро ўз маҳалласидан чиқмаган ҳолда ҳуқуқий муаммоларига бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имконига эга бўлишади.