Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

3000 НАФАРДАН ОРТИҚ ФУҚАРОНИНГ МУАММОЛАРИ “МАҲАЛЛАБАЙ” ЎРГАНИЛДИ


Хабарингиз бор, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан “Инсон қадри учун” тамойили асосида “маҳаллабай” йўналишида аҳолининг муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган янги лойиҳани йўлга қўйилгани ҳақида маълум қилган эдик.
Лойиҳа давомида адлия ходимлари бугунгача 700 дан ортиқ маҳаллаларда бўлишди. Хусусан, хонадонма-хонадон юрган ҳолда 3000 (1 600 дан ортиғини хотин-қизлар ташкил қилади) нафардан зиёд фуқаролар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганишди, маҳалланинг ижтимоий-маънавий муҳитидан (криминоген ҳолатидан) келиб чиқиб кенг аҳоли қатлами орасида ер сотиш, коррупция, одам савдоси, безорилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришди.
Тадбир давомида 500 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 200 дан ортиғини турли мазмундаги шикоятларни ташкил қилади. Лойиҳа йўлга қўйилгандан то бугунгача келиб тушган мурожаатларнинг 246 таси ижобий ечим топди. Аниқроқ айтганда, шу пайтга қадар фуқароларни қийнаб келган шунча мурожаат адлия ташаббуси билан аниқланиб, ҳал этилди. Қолган 58 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотга йўналтирилган бўлиб, 233 таси ўрганиш жараёнида.
Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг 112 таси пенсия ва нафақа, 55 таси ер масаласи, 31 таси оила ва никоҳ, 69 таси уй-жой, 40 таси меҳнат ва бандлик, 28 таси тадбиркорлик фаолиятини юритиш, 19 таси коммунал ва 22 таси солиқ, меҳнат қонунчилиги бўйича имитиёзлар, 158 таси бошқа соҳалар билан боғлиқлиги аниқланди. Демак, аҳолини ҳам қизиқтириб, ҳам қийнаб келган ушбу масалалар йиллар давомида ўз ечимини кутиб келган. Таъкидлаш керакки, маҳаллабай тамойилининг энг устувор аҳамиятли томони ҳам шунда.
— Мурожаатлар билан ишлаш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга оширганмиз, — дейди Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Зоҳидов. — Лекин мазкур лойиҳа Самарқанд тажрибаси сифатида ҳам, самарадорлиги юзасидан ҳам ажралиб туради. 400 нафарга яқин ходимлар ҳафтанинг ҳар шанба куни ўз ҳудудларидаги маҳаллалар, қишлоқларда бўлиб, одамларни тинглашмоқда. Мақсад халқимизга ҳуқуқий ёрдам бериш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш орқали бугунидан рози бўлиб яшашларига ҳисса қўшишдир.
Масалан, Қўшработ туманининг “Бойтуп” маҳалласида олиб борилган ўрганишлар чоғида фуқаро Р.Қобилова 4 нафар фарзанди борлиги ва унинг турмуш ўртоғи З.Холбоев ҳеч қаерда ишламаса-да, электрон тизимда унга иш ҳақи ҳисобланаётганлиги, шу сабабли 6 ойдан буён болалар нафақаси учун топшираётган аризаларига рад жавоби олаётганини билдирган. Ўрганиш давомида З.Холбоевга туман халқ таълими бўлими томонидан ойлик иш ҳақи ҳисобланиб, даромад бўйича солиқ органига ҳисобот берилаётганлиги аниқланиб, кўрилган таъсир чоралари натижасида солиқ ҳисоботлари билан боғлиқ тушунмовчилик бартараф этилди. Шу орқали фуқаро Р.Қобилова фарзандларига болалар нафақаси олишга эришди.
Бундан ташқари, Самарқанд туман “Қорасув” маҳалласидаги ана шундай тадбирда кўп йиллардан буён шаърий никох асосида яшаб келаётган оила аниқланган эди. Маҳаллабай асосида аниқланган ушбу масала ҳам қонуний тартибда кўриб чиқилиб, фуқаро Ш.Ҳақбердиевнинг турмуш ўртоғи билан никоҳи Самарқанд туман ФҲДЁ бўлими томонидан қонуний қайд этилиб, гувоҳнома сайёр равишда топширилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Пахтачи туман, “Украш” маҳалласида яшовчи фуқаро И.Эшпўлатова ногиронлиги мавжуд фарзандини парваришлаётганлиги, бироқ парваришга мухтож ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи шахсларга тайинланадиган нафақат олишда муаммоларга дуч келаётганлигидан норози бўлиб, оғзаки мурожаат қилган. Мазкур мурожаат юзасидан тегишли ишлар олиб борилганида фуқаронинг фарзанди касаллиги ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатида мавжудлиги аниқланди ва фуқарога нафақа тайинланиши таъминланди. Албатта бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, адлия ходимлари томонидан вилоятдаги 1126 та маҳаллада аҳолининг муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга йўналтирилган амалий ишлар давом этмоқда.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими