Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

Ногирон фарзандига нафақа ололмаган онанинг мурожаати ўрганилди


Она нафақа оладиган, фарзанди савод чиқарадиган бўлди

 

Одамларнинг дарду-ташвиши, қийнаётган муаммолари, қизиқтираётган саволлари, ечимини кутаётган ҳуқуқий масалалари бугун адлия масъуллари эътиборида. Хабарингиз бор, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан “маҳаллабай” тамойили асосида вилоятдаги маҳаллаларда адлия ходимлари томонидан аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот ва ташвиқот ишлари йўлга қўйилди.


        Қўшработ туманида ўтказилган ана шундай ўрганишлар чоғида туман юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан “Чорлоқ” маҳалласида уйма-уй юрилиб, фуқаролар билан олиб борилган мулоқотлар чоғида “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаро С.Сулаймонова II-гуруҳ ногирони бўлган 8 ёшли фарзандини парваришлаётган бўлишига қарамай, нафақа пулини ололмаётганини маълум қилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 февралдаги ПФ-74-сонли фармонида ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақат тўланиши белгиланган.

 

        Ушбу мурожаат тўлиқ ўрганилганида Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси Самарқанд педиатрия ТИEК томонидан ушбу фуқаронинг ногирон фарзандига 18 ёшгача ногиронлиги бўлган боланинг ўзгалар парваришига муҳтожлиги тўғрисида хулоса берилмаганлиги учун нафақа тўловини тайинлашда муаммолар юзага келгани аниқланди. Қўшработ туман Адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш марказининг амалий ёрдами билан С.Сулайманованинг II-гуруҳ ногирони бўлган фарзанди С.Арипов тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга кўра, 2022 йил 22 июнь куни Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси Самарқанд педиатрия ТИEК томонидан ақлий ривожланишдан ортда қолишнинг оғир даражаси билан касалланганлиги тасдиқланди. Тақдим этилган 75-сонли хулоса асосида С.Сулаймонова Қўшработ туман Давлат хизматлари маркази орқали ариза топширди ва унга Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан нафақа тўлови тайинланди.

 

        Бундан ташқари, ўрганишлар жараёнида С.Арипов ногиронлиги оқибатида бугунгача мактабда ҳам таълим олмаганлиги маълум бўлди. Мазкур масала ҳам адлия аралашуви билан бартараф этилиб, у жорий йил сентябрь ойидан якка тартибда таълим оладиган бўлди. Она биргина мурожаати орқали ҳам нафақаси, ҳам боласининг келажагига дахлдор муаммоси ҳал бўлганидан мамнун.

 

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамаотчилик билан алоқалар бўлими