Янгиликлар
“Тадбиркорлик кодекси” – тадбиркор манфаатларига хизмат қилади(ми?)
Бугун 5 июль куни Самарқанд вилоят адлия бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик-ҳужжатларини тизимлаштиришнинг зарурияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, муҳокама қилиш ва таклифларни тўплаш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Адлия вазирлигининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари, Қашқадарё ва сурхондарё вилоятларидаги тадбиркорлар ва соҳага оид масъуллар, Солиқ, Савдо саноат палатаси, ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди. Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Озод Шодиқуловнинг сўзларига кўра, кодекснинг қабул қилиниши тарқоқ ҳолда бўлган қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади. Таъкидланишича, тадбиркорлик кодекси лойиҳаси билан яхлит 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳалари ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирилади. Лойиҳа тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Биламизки, бугунгача амалиётда фақат кичик тадбиркорлик субектлари ва йирик солиқ тўловчилар тушунчалари мавжуд бўлган. Илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, лойиҳа билан тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда. Қайд этилдики, тадбиркорлик субектларини тоифаларга ажратиш давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида амалга оширилади. — Лойиҳа билан тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, тадбиркорлар ичида оммабоп бўлмаган “хўжалик ширкати” ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Анвар Норбоев. — Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилади. Қолаверса, 43 та давлат органининг 146 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур Кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда. Бунда, рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилган. Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган хорижий давлатлар — АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Эстония, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Қозоғистон, Украина, Озарбайжон сингари бошқа давлатлар амалиёти ўрганилган. Давра суҳбатида тадбиркорлар томонидан кодекс лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Мазкур таклифлар ва шикоятлар умумлаштирилиб, вазирдикка тақдим этилади ҳамда келгусида кодекс лойиҳасини янада такомиллаштиришга татбиқ этилади. Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган (ID-61999). Кодекс лойиҳасининг муҳокамасига бефарқ бўлманг, лойиҳа Сизнинг таклифларингиз асосида такомиллаштирилади.