Янгиликлар
Битмаган уй учун тўланган миллионлар: Қурилиш корхонаси фуқарони нега сарсон қилди?
Битмаган уй учун тўланган миллионлар: Қурилиш корхонаси фуқарони нега сарсон қилди?
Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Н.М. Самарқанд шаҳар “Обод маскан” маҳалласида қуриладиган кўп қаватли уй-жойлардан хонадон олиш мақсадида “Kapital qurilish direksiyasi” давлат корхонасига мурожаат қилади.
2020 йил 26 октябрда корхона ва фуқаро Н.М. ўртасида 75-сонли қиймати 230.250.000 сўм бўлган шартнома тузилган. Шартномага кўра, “Обод маскан” маҳалласида қуриладиган кўп қаватли уй-жойнинг 1-уй, 2-йўлак, 5-қаватидан 2 хонали 61,40 кв.метр бўлган 34-хонадонни 1 кв метрини 3 750 000 сўмдан бўлиб тўлаш шарти билан қуриб берилиши белгиланган.
Шунингдек, фуқаро шартнома шартларига биноан ушбу хонадон учун олдиндан шартнома қийматининг 50 фоизи, 115.125.000 сўмни 3 кун муддат ичида корхонага тўлаб бериш, пулнинг қолган қисмини тўлов жадвалига асосан ҳар ойда бўлиб тўлаб бериш ва корхона эса 60 банк кунида уй-жойни қуриб Н.М. топшириш мажбуриятини олган. Фуқаро Н.М. шартнома шартларини бажариб, корхона ҳисоб-рақамига жами 153.421.000 сўм пул маблағларни тўлаб берган бўлса-да, корхона 2020 йилдан буён шартнома шартларини бажармай, уй-жойнинг топширилишини кечиктириб келган. Оқибатда тарафлар ўртасида шартнома шартларидан келиб чиқиб 41,4 миллион сўм пеня ҳисобланган.
Фуқаро Самарқанд вилоят адлия бошқармасига бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ушбу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатга кўра, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан “Kapital qurilish direksiyasi” давлат корхонаси ва фуқаро Н.М. ўртасида 2020 йил 26 октябрда тузилган 75-сонли шартномани бир томонлама бекор қилиш ва олдиндан тўланган тўловлар ҳамда пеня ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво ариза киритилди.
Судда корхона вакили А.Р. ўз кўрсатмасида даъвони қисман тан олиб, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 24 мартдаги 140-Қ-сонли қарорига асосан дирекцияга Самарқанд шаҳар Қорасув массиви ҳудудидан замонавий лойиҳа ҳужжатлари асосида жами 5 та кўп қаватли турар-жой биноларини қуришга рухсат берилганини маълум қилган. Бироқ шаҳар ҳокимининг ушбу қарори маъмурий суднинг 2022 йил 10 июндаги ҳал қилув қарорига кўра бекор қилингани туфайли корхона фуқароларга уйни вақтида топшира олмаганини маълум қилган. Шунингдек, шартномада уйни топшириш муддати кўрсатилмаганлиги ва фуқаро Н.М. тўловларни амалга оширмай қўйганлигини иддао қилган.
Шартномада уйни топшириш муддати кўрсатилмаганлигининг ўзи шартномани корхона фойдасига тузилганлигининг исботи эмасми? Ваҳоланки, Фуқаролик кодекси 635-моддасида пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилиши алоҳида белгиланган. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин. Қолаверса, ушбу моддада пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилган.
Агар “Kapital qurilish direksiyasi” давлат корхонасига ер ажратиш ҳақидаги Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йилдаги қарори 2022 йилнинг ярмига келиб бекор қилиниши оқибатида уйни тўлиқ қуриб, фойдаланишга топшириш муаммо бўлган бўлса, шу пайтгача корхона нима қилган? Чўкаётган одам ҳасга ҳам ёпишади, деганлари шу бўлса керак-да? Фуқароларни пулини ўзлаштириб, уйни ўз вақтида топшириш ўрнига, бундай баҳоналар билан сувдан қуруқ чиқишга уриниш, қонунларни очиқчасига оёқости қилишдир.
Қонунчиликка кўра, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Бу Фуқаролик кодексининг 234-моддасида алоҳида белгиланган.
Хусусан, мазкур кодекснинг 236-моддасида мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган. Бундан ташқари, кодекснинг 631-моддасига асосан, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади. Буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Суд мазкур ишни атрофлича кўриб чиқиб, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан жавобгар “Kapital qurilish direksiyasi” давлат корхонаси ўз мажбуриятларини бажармаган, деб топди. Хусусан, фуқаро Н.М.нинг фойдасига жами 153.421.000 сўм қарздорлик ҳамда 41.400.000 пеня, жами 194.821.840 сўм ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Шунингдек, “Kapital qurilish direksiyasi” давлат корхонасидан давлат фойдасига 7.792.840 сўм миқдорида давлат божи ундириладиган бўлди.
Агар сизда ҳам шундай муаммолар бўлса Самарқанд вилоят адлия бошқармаси, туман (шаҳар) адлия бўлимларига ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий манфаатлари қонун билан ҳимоя қилинади.