Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

ИНТЕРВЬЮ: ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ КОМПЕНСАЦИЯ ЭВАЗИГА ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?


#ИНТЕРВЬЮ


ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ КОМПЕНСАЦИЯ ЭВАЗИГА ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

         Хабарингиз бор жорий йилнинг 29 июнь куни “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Қонун билан жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари тартибга солинмоқда.

         Ҳужжатда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган. Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Озод Шодиқулов билан бугунги суҳбатимиз шу мавзуда. Ўйлаймизки, бу сиз учун ҳам фойдали бўлади.  

 — Озод ака, мазкур мавзуда фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Дастлабки саволим ушбу мурожаатлардан бўлади. Айтингчи, қандай ҳолларда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйиш умкин?


— Янги қабул қилинган қонунда бу борада аниқ маълумотлар берилган. Яъни, мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш, халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш, фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш (бундан кенг тарқалган фойдали қазилмалар конлари мустасно), республика ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ҳамда авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика ва алоқа тизимининг муҳандислик объектлари ҳамда тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистраль қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш), тасдиқланган аҳоли пунктлари бош режаларининг объектларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуришга оид қисмини бажариш шулар жумласидандир.

Шунингдек, давлат инвестиция дастурларида кўрсатилган давлат таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг бинолари ҳамда иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуриш назарда тутилган лойиҳаларни амалга оширишда ҳам бу амалиёт қўлланилади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланган.

— Мулкдорнинг қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлари ва зарарларини компенсация қилиш ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

— Қонунга асосан, ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулкнинг бозор қиймати, олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати (бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга бўлган ижара ҳуқуқи мустасно), олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати, кўчиш, шу жумладан бошқа кўчмас мулкни вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулкдан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда ва ҳуқуқ эгасининг қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлари ва зарарлари компенсация қилинади.

Агар ер участкаси олиб қўйилганлиги муносабати билан ҳуқуқ эгасига ноқулайликлар келтириб чиқарилган тақдирда компенсация сифатида ер участкасида жойлашган кўчмас мулк бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади. Қонунчиликка мувофиқ, ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган, олиб қўйилган ерда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар (яшаш учун мўлжалланмаган жойлар), ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда бошқа бинолар ва иншоотлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг бозор қиймати ҳам тўлиқ ҳажмда қопланиши мумкин.

— Айтайлик, бир уйда узоқ йиллардан буён узлуксиз ижара асосида яшаб келаётган шахс ушбу турар жой учун солиқларни тўлаб келмоқда. Ушбу уй ҳам “снос”га тушадиган бўлса ижарачи фуқаро ҳам қандайдир ҳуқуқларга эга бўладими?

— Албатта. Турар жойга нисбатан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, ушбу турар жойга 15 йил мобайнида худди ўз мулкидек ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахсларга, ушбу кўчмас мулк объектлари учун солиқлар тўлаб келинганлиги тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объектлари қийматининг ўрни қопланади. Биламизки, ушбу 15 йил қонунчиликка кўра, эгалик қилиш ҳуқуқини юзага келтирувчи муддат ҳисобланади.

— Компенсация тўланган мулкни қачон бўшатиш керак?

— Мазкур масала қонуннинг 22-моддасида аниқ ўз ифодасини топган бўлиб, компенсациянинг турлари, миқдори ва уни бериш муддати, шунингдек компенсация тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин кўчмас мулк объектини бўшатиш муддати келишувда назарда тутилади. Бунда кўчмас мулк объектини бўшатиш муддати компенсация тўлиқ ҳажмда берилган кундан эътиборан ҳисобланади ва олти ойдан ошмаслиги керак.

— Агар ҳуқуқ эгаси келишувдан кейин вафот этса-чи?

— Ҳуқуқ эгаси келишув тузилганидан кейин вафот этган тақдирда, келишув бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар унинг меросхўрларига меросдаги ўз улушларига мутаносиб равишда ўтади. Ҳуқуқ эгаси келишув тузилгунига қадар вафот этган тақдирда, келишув тузиш билан боғлиқ музокаралар унинг меросхўрлари билан умумий асосларда ўтказилади. Меросхўрларнинг таркиби ва улардан ҳар бирининг меросдаги улуши меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома асосида, низо юзага келган тақдирда эса суд томонидан белгиланади.

Бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олган шахс келишувдан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича аввалги ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқий вориси бўлади. Компенсация тўлиқ ҳажмда берилганидан кейин олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланади.

— Бериладиган компенсация турлари ва манбаларига ҳам тўхталсангиз?

— Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш ҳамда келишувда назарда тутилган бошқа манбаалар компенсация турларига киради. Бундан ташқари, тарафларнинг келишувига кўра ҳуқуқ эгасига кўчмас мулк объектларининг баҳолаш қиймати ҳисобга олинган ҳолда компенсациянинг бир неча турлари берилиши мумкин.

— Билишимча, янги қонунда бир маҳалла ёки бир кўчада турувчилар учун ҳам маълум имтиёзлар белгиланган экан?

— Янги қонунда битта маҳаллада ёки битта кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек маданий қадриятларни сақлаб қолиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, битта кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзоларининг хоҳишига кўра уларга битта маҳаллада ёки кўчада жойлашган янги уйлар, яъни битта кўп квартирали уйдаги квартиралар берилиши мумкин.

— Мулк эгаси ўзи яшаб турган ҳудуддан эмас, бошқа туман ёки шаҳарда жойлашган турар жойдаги квартиралардан ҳам танлаш ҳуқуқига эгами?

— Ўринли савол. Кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси олиб қўйилганда тарафларнинг келишувига кўра ҳуқуқ эгасига, қоида тариқасида, ўша туман ё шаҳарда ёки ҳуқуқ эгасининг танловига кўра бошқа туман ёки шаҳарда жойлашган, майдони уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган, аввалгисига тенг қийматли турар жой (квартира) мулк қилиб берилиши мумкин. Ҳуқуқ эгасининг хоҳишига кўра турар жой олиб қўйилган ер участкасида қурилаётган кўп квартирали уйдан ҳам берилиши мумкин. Бундай ҳолда ҳуқуқ эгасига ушбу турар жой топшириладиган пайтга қадар унга ва унинг оила аъзоларига ташаббускорнинг маблағлари ҳисобидан бошқа барча қулайликлари бўлган турар жой вақтинчалик ижарага берилади.

Яшаш учун мўлжалланмаган объект жойлашган, якка тартибдаги шу жумладан қурилиши тугалланмаган, лекин белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган уй жойлашган ер участкалари олиб қўйилганда ҳам шундай тартиб қўлланилади. Яшаш учун мўлжалланмаган объект олиб қўйилган ер участкасида қурилаётган объектдан берилган тақдирда, ушбу яшаш учун мўлжалланмаган объект топшириладиган пайтга қадар ташаббускорнинг маблағлари ҳисобидан ҳуқуқ эгасига яшаш учун мўлжалланмаган объект вақтинчалик ижарага берилади.

Ҳуқуқ эгасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаси олиб қўйилганда ҳуқуқ эгасига ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматига тенг миқдорда пул маблағлари тўланади.

— Кўпчиликни қизиқтирган савол. Олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган турар жойда рўйхатда турганлар сони қандай ҳолларда ҳисобга олинмайди?

— Агар олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган турар жойнинг ўрнига компенсация сифатида бошқа турар жой берилса, уй-жойнинг ижтимоий нормасини ҳисоблашда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган турар жойда ер участкасини олиб қўйиш тартиб-таомили бошлангунига қадар рўйхатдан ўтказилган ва ҳақиқатда яшаётган шахслар сони инобатга олинади. Лекин амалда яшаб турган шахслар сонининг эр-хотин никоҳ тузганида, фарзанд туғилиши, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг тарбиялаш учун оилага — фарзандликка, васийликка, ҳомийликка ёки тутинган оилага берилиши ҳисобидан ошиши ҳоллари бундан мустасно ҳисобланади.

Мансур ҲАСАНОВ суҳбатлашди.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи.