Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Адлия аралашуви билан тадбиркорга 925 181 352 сўм компенсация ундириладиган бўлди.


Адлия аралашуви билан тадбиркорга 925 181 352 сўм компенсация ундириладиган бўлди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Шунинг натижасида тадбиркорлар ҳам бир қатор қулайликларга эга бўлди. Ижобий ишлар яхшикуя, лекин тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилса-чи? Бежизга бунга тўхталмадик. Бугунги кунда адлия органларига бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида тадбиркорлардан кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Бу борада Самарқанд вилоят адлия бошқармасига ўтган давр мобайнида 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Хусусан, тадбиркор З.Содиқов ҳам фаолияти давомида дуч келган муаммо бўйича вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди.  

Яъни, тадбиркорнинг савдо дўкони Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан бузилиб, ер участкаси давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган бўлса-да, ҳокимият зиммасидаги мажбуриятларни бажармай, компенсация тўлаб бермаган.  

Маълум бўлишича, тадбиркорга Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2011 йил 14 февралдаги 228-Қ-сонли қарори билан Регистон майдонига туташ ҳудудда жойлашган қурилиш ости майдонидан 161 кв.метрдан иборат савдо дўкони биносини фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси тасдиқланган ҳамда ушбу бинолар тадбиркорга хусусий мулк қилиб берилиб, доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктирилган.  

Бироқ, орадан 6 йил ўтгач, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил 17 апрелдаги 494-Қ/1-сонли “Йўлбарслар хиёбони ҳудудида жойлашган жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган савдо дўкони биноларини бузиш тўғрисида”ги қарори билан тадбиркорга тегишли 160,47 кв.метр савдо дўкони бузилган. Ҳокимликнинг 2017 йил 28 апрелдаги 571-Қ-сонли “Бузилишга тушган маиший савдо дўкон бинолари учун товон тариқасида ер майдони ажратиш ва қурилишга рухсат бериш тўғрисида”ги қарори билан тадбиркорнинг бузилишга тушган савдо дўкони ўрнига мутаносиб равишда ер майдони ажратиб бериш назарда тутилган ва Самарқанд шаҳар архитектура ва қурилиш бўлимига ер танлаш далолатномасини расмийлаштириш ва ер майдонини натурада ўлчаб бериш вазиваси юклатилган. Аммо давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилоят бошқармасининг 2021 йил 3 ноябрдаги 6099-сонли хатида фуқаро З.Содиқовнинг бузилган савдо дўкони ўрнига ажратилган ер майдони тўғрисида маълумот мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Шунингдек, “Афросиёб баҳо” МЧЖ томонидан 2017 йил 29 март куни тадбиркорнинг бузилган савдо дўкони 493 805 000 сўмга баҳоланган. Бундан ташқари, Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 11-12/50-сонли маълумотида Ўзбекистон Республикасида инфляция кўрсаткичи ҳисоблаб чиқилиб, бузилган савдо дўкони инфляция кўрсаткичи билан умумий қиймати 925 181 352 сўмни ташкил этиши баён қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-табирлар тўғрисида”ги 911-сонли қарорининг 41 ва 42-бандларига кўра, олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати, олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати, кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси, қонун ҳужжатларида ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар компенсация қилиб берилади.  

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасига кўра, ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.

Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, ушбу фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддасига биноан Жисмоний ва юридик шахсларга тегишинча мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш қонунда назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Шунингдек ушбу кодекснинг 86-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) қуйидаги ҳолларда тўла ҳажмда қопланиши кераклиги қайд этилган.

Мазкур қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, даъвогар З.Содиқовнинг ер участкаси давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилиб, ундаги қурилишлар бузилиши муносабати билан шаҳар ҳокимлиги даъвогарга етказилган ҳар қандай зарарни тўлиқ қоплаб бериши лозим. Лекин ундай бўлмади.

Суд мазкур иш юзасидан тўпланган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил 28 апрелдаги 571-Қ сонли қарорига асосан тадбиркорга товон тариқасида ажратилган 160,47 кв.метр ер майдони ўрнига Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан жами 925 181 352 сўм компенсация ва 1 200 000 давлат божи ундириш тўғрисида  қарор қабул қилди.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси аралашуви билан яна бир тадбиркорнинг қонуний манфаатлари таъминланишига эришилди. Агар сиз ҳам шунга ўхшаш қонун бузилиши ҳолатларига дуч келсангиз ҳудудингиздаги адлия органларига мурожаат қилинг.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими