Янгиликлар
Меҳнат мигрантларини уй-жой билан таъминлаш учун қонунчиликда қандай имтиёзлар бор?
Ассалому алайкум, ҳурматли Дилмурод Тохиржонович, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган меҳнат мигрантларини уй-жой билан таъминлаш учун қандай имтиёзлар мавжуд? Шу ҳақида маълумот берсангиз...
Хабрингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги ПФ-5785-сон Фармонида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда уй-жойлар қурилиши бўйича давлат дастурларининг ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратилиши белгиланган.
Махкур Фармондан келиб чиқиб, Ҳукуматнинг жорий йил 29 январдаги 39-сон қарори билан “Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Мазкур низомга мувофиқ, уй-жойга муҳтож мигрантларга имтиёзли ипотека кредити асосида ҳар йили туман(шаҳар)лардан уй-жойлар ажратилади.
Мазкур уй-жойлар қандай тартибда ва босқичларда ажратилади?
Уй-жой ажратиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
ариза берувчи талабгор сифатида ёзма тавсияни олиш учун талабгорларни танлаш бўйича комиссия раисига доимий яшаш жойи бўйича ҳужжатларни ва сўровнома-аризани тақдим этади;
комиссия ҳужжатларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади;
комиссия аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини қатор ижтимоий мезонлар асосида (талабгор номида уй-жой йўқлиги, ижарада туриши, бошқа оила билан бир уйда яшаши, кўп болалилик ва б.) аниқлайди;
аризани кўриб чиқиш ва уй-жой шароитини ўрганиш натижасида комиссия ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
ёзма тавсия берилган талабгорлар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компанияси филиалига мурожаат қилади.
Имтиёзли ипотика кредити ажратиш шартлари қандай?
2020 йил дастурлари доирасида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун ипотека кредитларини ажратиш бўйича:
имтиёзли давр – 1 йил;
кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Д. Аҳмедов билан
бошқармасининг етакчи маслаҳатчиси Ориф Муҳаммадиев суҳбатлашди