Янгиликлар
03
ЮРИДИК ЁРДАМ КЎРСАТИШДА ЕТАКЧИЛАР ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ
Ш.Мирзиёевнинг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарориига мувофиқ, 2021 йилнинг 1 октябрь кунидан барча ҳудудларида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилган эди. Ўтган 1 йил мазкур амалиёт давлат идоралари фаолиятида қонунийликни таъминлашда муҳим босқич бўлди, дейиш мумкин.
Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилганлигининг бир йиллиги муносабати билан давлат органлари ва ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатишдаги самарали меҳнати учун республикамиздаги қатор марказ раҳбарлари Адлия вазирлигининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишди. Жумладан, Ургут туман ЮХКМ раҳбари Маъмур Жуманов ҳамда Иштихон туман ЮХКМ раҳбари Шерзод Йўлдошев ҳам вилоятдаги 16 та туман (шаҳар) орасида ана шу рўйхатда.
Таъкидлаш керакки, ўтган давр давомида Самарқанд вилоятидаги туман (шаҳар) юридик хизмат кўрсатиш марказларига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 164 мингдан ортиқ ҳужжат лойиҳалари келиб тушди. Мазкур ҳужжат лойиҳаларининг 100 мингдан ортиғини буйруқ лойиҳалари, 52 мингдан ортиғини шартнома лойиҳалари ташкил этади.
Улар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 130 мингдан ортиғига ижобий, 5 мингдан ортиғига салбий хулосалар берилган. Шунингдек, 18 мингдан ортиқ ҳужжат лойиҳалари мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун рад этилган.
Ушбу ҳужжатларнинг 13 мингдан зиёди Иштихон, 14 мингдан ортиғи эса Ургут туман юридик хизмат кўрсатиш марказлари ҳисобига тўғри келади. Ўтган қисқа давр ичида мазкур туманлардаги марказлар юридик хизмат кўрсатиш сифатини оширишда ҳар томонлама намуна бўлишди, десак муболаға бўлмайди.