Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Самарқандда “II Ўзбекистон иқтисодий форуми” доирасида “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.


Самарқандда “II Ўзбекистон иқтисодий форуми” доирасида “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бугун Самарқанд шаҳрида “II Ўзбекистон иқтисодий форуми” доирасида “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя” мавзусида нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.




Тадбирни Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков ҳамда Адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов кириш сўзи билан очиб берди.



— Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича давлат томонидан яратилаётган зарур шарт-шароитлар натижасида уларнинг молиявий мустақиллиги ва имкониятлари йил сайин кенгаймоқда, — деди М.Икрамов сўзининг аввалида. — Мисол учун, нодавлат-нотижорат ташкилотларига 2018 йилда – 15,8 млн. АҚШ доллари келиб тушган бўлса, ушбу кўрсаткич 2021 йилда – 29,6 млн. АҚШ долларини ташкил қилган. Шу ўринда, биргина 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида ушбу кўрсаткич – 31 млн. АҚШ долларини ташкил қилмоқда.



Ўз навбатида, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими институционал нуқтаи назардан такомиллаштирилди. Хусусан, Адлия вазирлиги ташаббусига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июндаги 328-сон қарори билан маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом билан маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда уларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш амалиёти йўлга қўйилди.



М.Икрамов мазкур йўналишдаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, бу борада адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Таъкидландики, мазкур амалиёт доирасида жами 34 та нодавлат нотижорат ташкилотининг 2,5 млн. АҚШ долларига тенг 34 та грант лойиҳалари ўрганиб чиқилиб, уларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилган.




Мисол учун, Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари экологик форумининг 55 минг АҚШ долларига тенг “Маҳаллий ҳамжамият даражасидаги арзон яшил технологияларни тарқатиш” лойиҳасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, ушбу лойиҳани самарали амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида миллий ҳамкор сифатида Сув хўжалиги вазирлиги бириктирилган. Шунингдек, ушбу лойиҳа бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” лойиҳаси Ҳукумат билан белгиланган тартибда келишилган.




Бундан ташқари, “Маърифат манбаи” ахборот-маданият марказининг 24 минг АҚШ долларига тенг “Миллий ҳунармандчилик” лойиҳасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, ушбу лойиҳани самарали амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида миллий ҳамкор сифатида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бириктирилган, шунингдек лойиҳа амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, ижрога қаратилган.




Шундан сўнг, Молия вазирлиги департамент директори Г.Муродова “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасида олиб борилаётган ислоҳатлар тўғрисида” тақдимот қилди.


— Ногиронлиги бор шахслар ҳар доим давлатимиз эътиборида бўлиб келган, — дейди Ўзбекистон ногиронлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Комил  Абдуллаев. — Бу ғамхўрлик сўнгги йилларда улкан самара бермоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга қатор имтиёзлар берилмоқда. Бу борадаги ислоҳотларни амалиётга татбиқ этилишида албатта адлия вазирлигининг ўрни катта. Биргина мисол, адлия вазирлигининг ташаббуси билан ташкил этилган “Биз биргамиз” шиори остидаги экобозор савдо ярмаркасини йўлга қўйганмиз. Бунда ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан яратилган буюмлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқа асарлар сотувга қўйилади.




        Бу ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан яратилган маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки ташқи бозорга ҳам чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Боиси, кўплаб халқаро ташкилотлар айнан мазкур бозорга чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келиб шартнома тузмоқда. Давра суҳбатида ҳар бир иштирокчи давлат ўзининг тажрибаси билан ўртоқлашди. Биз ҳам мазкур соҳада ўзимизни қизиқтирган савол ва таклифларимизни ўртага ташладик.


        БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси “Ижтимоий ҳимоя” бош мутахассиси Марина Новикова “ЮНИСЕФ”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Умид Алиев ва бошқалар сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида олиб борилаётган изчил ислоҳатлар ҳақида сўз юритишди.


Тадбир давомида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида тизимли ислоҳатларни изчил давом эттириш ва янада такомиллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ижтимоий ёрдами ва хизматини кўрсатишда самарали олиб борилаётган ижобий ишлар ва келгусидаги ривожи учун зарурий чоралар кўрилиши лозим бўлган йўналишлар муҳокама марказида бўлди.


        — Тадбирда нодавлат нотижорат сектори вакиллари, давлат хизмати ходимлари билан биргаликда халқаро ташкилотларнинг раҳбарияти ҳам иштрок этмоқда. Бизнинг ягона мақсадимиз ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир, — дейди  Ўзбекистон волонтиёрлар ассосияцияси раҳбари Ширин Аъбидова. — Очиғини айтиш керак, бу йўлда ҳали айрим муаммо ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўзга ташланмоқда. Мазкур давра суҳбатида ана шу жиҳатларга эътибор қаратган ҳолда, ўз таклиф ва ташаббусларимизни илгари сурдик. Бугун тадбирда эълон қилинганидек, мамлакатимизга 30 миллион АҚШ доллоридан зиёд грант маблағи жалб этилмоқда. Бу маблағлар  нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ажратилади. Бугунги тадбирда биз давлат хизматчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларига ўзимизни анчадан бери ижтимиой ҳимоя соҳасида қийнаб келаётган саволларимизга жавоб олдик.



Маълумот ўрнида қайд қилиш керакки, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларнинг амалий натижасида кўп йиллар давомида фуқаролик жамияти институтларини қийнаб келаётган тизимли муаммо ва камчиликлар бартараф этилди, соҳадаги айрим чекловлар бекор қилинди ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича янгиликлар жорий этилди. Уларнинг айримларига эътибор қаратамиз.


Мисол учун, нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари 1 ойгача қисқартирилди, фаолиятини тугатиш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши белгиланди. Тадбирларни келишиш тартиби бекор қилиниб, хабарнома шаклига ўтказилди, натижада нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказилган тадбирлар сони бир йилнинг ўзида 10 665 тага кўпайди.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий эркинлиги кенгайтирилди, эндиликда улар томонидан йил давомида базавий ҳисоблашнинг 100 баробари (олдин 20 баробар бўлган) миқдорида маблағларни рўйхатдан ўтказувчининг розилигини олмасдан уни хабардор қилган ҳолда олишлари мумкин.


Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда республикада 8 900 нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхатга олинган бўлиб, шундан 659 таси – касаба уюшмалари, 331 таси – хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ташкилотлар, 653 таси – ёшлар соҳасидаги ташкилотлар.


       Самарқандда бўлиб ўтаётган форумда 50 дан ортиқ давлатлар вакиллари иштирок этмоқда. Форум ўз ишини 4 ноябрга қадар давом эттиради. Иштирокчилар форум дастури доирасидаги турли тақдимотларда иштирок этиши кўзда тутилган.