Янгиликлар
11
АДЛИЯ АРАЛАШУВИ БИЛАН ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИ ҚАЙТАРИЛДИ
Нурободда фермер хўжалиги номидан сохта ариза ёзилиб, унга тегишли ер туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтарилган. Туман адлия бўлимига келиб тушган навбатдаги мурожаат ҳар қандай кишини таажжубга солади.
Аниқланишича, туманнинг “Олтинсой” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро М.И.нинг фермер хўжалигига ажратилган ер майдони олиб қўйилишига ана шу сохта ариза асос бўлиб хизмат қилган.
Ҳужжатларга кўра, Нуробод туман ҳокимининг 2016 йил 14 майдаги 346-Қ-сон қарори билан Нуробод тумани “Амир Темур” массивидан “Nurobod chavondoz tulporlari” фермер хўжалигига 49 йил муддатга дастлаб жами 90 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, туман ҳокимининг 2016 йил 2 ноябрдаги 721-Қ ва 2018 йил 29 августдаги 035-Қ-қарорлари билан 65 гектар ер майдони туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтариб олинган ва фермер хўжалигининг фойдаланишида 25 гектар ер майдони қолдирилган.
Шундан сўнг ҳокимнинг 2019 йил 7 августдаги 2202-Қ-сонли қарори билан мазкур фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиниб, унга ижарага берилган қолган ер майдони ҳам туман ҳокимлиги захира ери ҳисобига қайтарилган. Буни ортида эса қабих жиноят излари бор эди. Бузоқни югургани сомонхонагача деганларидек, Жиноят ишлари бўйича Нуробод туман судининг 2012 йил 12 майдаги ҳукмига кўра, фуқаро А.Қ. томонидан мазкур фермер хўжалигига узоқ муддатга ижарага берилган ер майдонини туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтариш тўғрисида фермер хўжалиги раиси М.И. номидан берилган ариза сохталаштирганлиги тасдиғини топди. А.Қ. бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддаси иккинчи қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган.
Ушбу сохта ариза асосида туман ҳокимининг юқоридаги 2202-Қ-сонли қарори билан фермер хўжалигига ижара берилган 25 гектар ер майдони туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтарилган. Нуробод туман адлия бўлими томонидан фуқаро М.И.нинг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритилиб, Самарқанд туманлараро маъмурий судининг қарори билан фуқаро М.И.га 25 гектар ер майдони олиб берилди.
Адолат албатта қарор топади, қачонки қонуний ҳуқуқларингни билсанг. Агар ушбу мурожаат муаллифи ҳам масалага оддий ҳолдек кўз юмуб кетганида, адлия остонасига қадам қўймаганида бугун вазият буткул бошқача бўларди. Бу эса жойларда ҳуқуқий тарғибот ишларининг жонланаётгани, шунинг натижасида фуқароларимиз қонунчиликдан оз бўлса ҳам хабардор бўлиб боришаётганидан далолатдир.