Янгиликлар
01
Давлат ижрочиси фаолияти юзасидан шикоятлар фақат маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади
❗️Давлат ижрочиси фаолияти юзасидан шикоятлар фақат маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади
Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг самарали ҳимоясини таъминлаш мақсадида Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–833-сон, 26.04.2023 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчага кўра, кассация инстанцияси суди мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси жараёнида йўл қўйилган камчиликларга қаратиш зарур бўлганда хусусий ажрим чиқаради.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра:
Барча суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари 3 йил ичида ижрога топширилиши мумкин. Илгари иқтисодий судларники 6 ой ичида эди;
Давлат ижрочисининг ҳар қандай қарорлари ёки ҳаракатлари устидан шикоят фақат маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилади.
Илгари Иқтисодий суд билан боғлиқ ижро юзасидан иқтисодий судларга шикоят берилган.
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, эндиликда ўзаро боғлиқ бўлган, баъзилари фуқаролик судига, баъзилари эса маъмурий судга тааллуқли бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Илгари мазкур ишлар бирлаштирилиб барча талаблар фуқаролик судида кўрилган.
Талаб фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда тақдим этилган тақдирда, даъво аризаси (ариза) тааллуқлилигига кўра иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади.
Иқтисодий ёки маъмурий суддан ариза ёки иш материаллари судга тааллуқлилигига кўра келиб тушганда судья ариза тегишли талабларга мувофиқ эмаслигини аниқлагач, ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай даъвогарни (аризачини) камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади ва унга бунинг учун 10 кундан ошмайдиган муддат беради.
Бундан ташқари, мазкур Кодексга кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш ҳамда кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш билан боғлиқ асослар киритилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.