Янгиликлар
АДЛИЯ: ТАДБИРКОРГА ЕТКАЗИЛГАН 400 МИЛЛИОНДАН ОРТИҚ ЗАРАР ҚОПЛАНАДИ
Пайариқ туман ҳокимининг 2019 йил 18 январдаги 46-Қ-сонли қарори билан “Гўзал” маҳалласидаги фуқароларга тегишли 8 та уй-жой бузилиб, ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган. Ушбу ер майдонларининг 0,70 гектари бир нечта ташкилотлар учун маъмурий бинолар қуриш мақсадида ажратиб берилди. Қарорда кўрсатилмаган бўлсада, “Nigor NV” МЧЖнинг ушбу ҳудудда жойлашган нотурар жой бино ва иншоотлари ҳам бузилиб, 0,08 гектар ер майдонида бино қурилди.
Орадан 3 йил ўтиб эса масала буткул тескари тус олди. Тадбиркорга етказилган зарар даъвогарга тегишли бинолар ҳоким қарори билан бузилмаганлиги, бунга қурилишни амалга оширган ташкилот жавоб бериши важи билан қоплаб берилмади. Буни ҳокимлик вакили М.М. суд жараёнларида маълум қилган. Яна шулар аниқландики, ҳокимият масъуллари йиллар давомида тадбиркорга компенсация тўлови ва бошқа ер ажратилиши ҳақида оғзаки ваъдалар бериб келган. Тадбиркор олиб қўйилган ер майдони учун шу пайтга қадар солиқ тўловларини тўлаб келган. Кадастр ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартириш киритилмаган.Қизиғи, юқорида қайд этилган қарор асосида гарчи 8 та уй-жой бузилиб, бино қуриш учун 0,7 гектар ер майдони ажратиш кўрсатилган бўлса-да, қарорнинг иловасида келтирилган уй-жойларнинг жами майдони 0,607 гектарни ташкил этади.
Ваҳолнки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддаси 1-қисмига асосан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Ҳуқуқлари бузилиб, ўзига тегишли ер майдони олиб қўйилган тадбиркор ҳокимлик остонасида сарсон бўлгач, Пайариқ туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Адлия бўлими унинг манфаатини кўзлаб Пайариқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди. Суд ишни батафсил ўрганиб, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг 118, 176-178-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосланиб, адлия бўлимининг даъво талабини қисман қаноатлантирди.
Пайариқ туман ҳокимлигидан “Nigor NV” МЧЖ фойдасига жами 405 027 346 сўм зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.