Янгиликлар
15
Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилади
❗️Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилади
"Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони (ПФ–93-сон, 12.06.2023 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади.
☑️ Дастурда тадбиркорлар “ҳамкорлик шартномалари” (3 йилгача муддатга тузилади) асосида ихтиёрий равишда иштирок этади.
“Ҳамкорлик шартномалари”ни тузган тадбиркорларга Дастурда иштирок этаётганлигини тасдиқловчи сертификат берилади.
▶️ Дастурда камида 2 йил фаолият кўрсатаётган ва устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлмаган тадбиркорлар – юридик шахслар иштирок этиши мумкин.
2023–2024 йилларда Дастурни амалга ошириш учун жами 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилади.
Кредит линияси маблағлари ҳисобидан банклар томонидан кредитлар Дастурга киритилган тадбиркорларнинг лойиҳаларини (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар бундан мустасно) амалга ошириш учун 7 йилгача муддатга 14 фоиз ставкада рўйхатга (https://telegra.ph/R%D1%9Ejhat-06-14) мувофиқ миқдорларда ажратилади (қуйида батафсил келтирилган).
Дастур доирасида тадбиркорларга қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилади:
тадбиркорлар томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда, 2025 йил 1 январгача:
➖тадбиркорлар ушбу фуқароларга камида 1 йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаб, бандлигини таъминлаган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилади;
➖фуқаролар ишга қабул қилинганда ҳамда ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун БҲМнинг 2 бараваригача) қайтариб берилади ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади.
барча солиқлар (ҚҚС ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ва божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз 1 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари ва ерга бўлган ҳуқуқлар аукцион орқали сотиб олинганда, тўловларни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
божхона назоратини амалга оширишда “яшил йўлак” қоидалари амал қилади;
барча турдаги солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасидаги текширувлар бундан мустасно).
Фармонга кўра шунингдек, “Касб эгаси” дуал таълим тизими тажриба тариқасида ишга туширилади (биринчи босқичда 2023/2024 ўқув йилида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 3–4-курс талабалари учун жорий қилинади).