Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Тасвирга бўлган ҳуқуқлар дахлсиз. Аслида ҳам шундайми?


Ижтимоий тармоқларда кишиларнинг тасвири акс этган фотосурат, видео материалларга тез-тез кўзимиз тушади. Кўпинча, бундай материаллар унинг эгаси томонидан, айрим ҳолларда эса бошқа шахслар томонидан тармоққа жойланади. Баъзида бундай тасвирлар ўзида шахсий ва оилавий сирларни ёки кишининг шаъни ва қадр-қимматини ерга урувчи бошқа маълумотларни акс эттиради.

Шу ўринда савол туғилади – кишиларнинг розилигисиз уларни тасвирга олиш, уни тарқатиш мумкинми? Бунинг учун жавобгарлик белгиланганми? Тасвирга бўлган ҳуқуқлар қай даражада дахлсиз? Муроджон Нажмиддинов мақолада шу ҳақда сўз юритади.

Тасвирга бўлган ҳуқуқлар қай даражада дахлсиз?

Фуқаролик кодексига кўра, шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияга ҳам кишининг шахсий ҳаёти дахлсизлиги билан боғлиқ қатор нормалар киритилди. Шу жумладан, ҳар ким ўз шахсига доир маълумотлар ҳимоя қилиниши, нотўғри маълумотлар тузатилиши, шунингдек, ўзи тўғрисида ноқонуний тўпланган маълумотлар йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бир қарашда барчаси содда ва тушунарли. Аммо шунга қарамай, тасвирга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилишда қатор бўшлиқлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Шу жумладан, қуйидагилар:

Биринчидан, тасвирга бўлган ҳуқуқ чегараси, ундан фойдаланиш тартиби белгиланмаган. Масалан, кишини тасвирга олиш, уни тарқатиш ёки тасвирдан фойдаланиш учун ундан розилик олиниши кераклигига оид қатъий талаб йўқ.

Шу ўринда айтиш лозимки, давлат хизматчиларини тасвирга олишда қатор махсус қоидалар белгиланган. Масалан, йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиши мумкин. Аммо тармоқларда айланган видеолар сабабли Ички ишлар вазирлиги томонидан хизмат вазифасини бажараётган ходимларни видеога олгандан сўнг, унинг рухсатисиз ижтимоий тармоққа жойлашни тақиқлаш ва бунинг учун маъмурий жавобгарлик белгилашга уринишлар бўлди.

Иккинчидан, юқоридаги кўрсатилган розилик олинмайдиган ҳолатлар доираси аниқлаштирилмаган. Масалан, жиноят содир этган ёки йўқолган кишини қидирувга беришда, турли оммавий ва жамоат тадбирларида олинган тасвирларда, тергов фаолиятида фойдаланишда тасвир эгасидан розилик олишни истисно қилиш мумкин.

Учинчидан, видеокузатув тизимларида тасвирга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалалари тартибга солинмаган. Масалан, жамоат жойларида кузатув камералари ўрнатилган тақдирда бу ҳақда ёзма равишда эълон қилиниши лозимлигига оид талаб, кузатув камералари ўрнатиш мумкин бўлмаган жойлар (масалан, ҳожатхона, кийиниш хоналари) белгиланмаган.

Қонунчиликдаги ушбу ноаниқликлар ва қатъий нормаларнинг йўқлиги сабабли қатор салбий ҳолатлар келиб чиқмоқда. Масалан, турли пранклар, вайнларда тасвирга туширилган кишилар аксар ҳолатда ўзининг тасвирга олинаётганлиги, унинг иштирокидаги видеолар тармоққа жойланиши ҳақида хабари бўлмайди. Улардан розилик олинмайди (қонунда видеороликдан фойдаланиш учун розилик олиш талаби фақат интервьюларга нисбатан ўрнатилган).

Шунингдек, шахсларнинг тавсирида уларнинг шаъни ва қимматини ерга уриши мумкин бўлган турли кўринишларда, масалан, мемлар учун шаблон сифатида тасвир эгасининг розилигисиз фойдаланиш ҳолатлари ижтимоий тармоқларда оддий ҳолатга айланиб улгурди.

Бундан ташқари, киши шахсий ҳаётининг ўта нозик саҳналарини акс эттирувчи расм ва видеолар ижтимоий тармоқлар контентини сезиларли даражадаги катта қисмига айланиб улгурган. Шунингдек, аксар ҳолатларда видеокузатув тизимлари ўрнатилганлиги ҳақида огоҳлантириш берилмайди. Бундай камераларни ҳаттоки ҳожатхона ва қизлар ётоқхонасига ўрнатиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Тасвирга бўлган ҳуқуқни бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Қонунчиликдаги юқоридаги ноаниқликлар ва қатъий нормаларнинг йўқлигига қарамай, шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи маъмурий жавобгарлик ва жиноий қонунчилик билан муҳофаза қилинган. Шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексида шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш учун алоҳида жавобгарлик белгиланган. Хусусан, ушбу кодексларга кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш факти жавобгарликни келтириб чиқаради.

Аммо бу ўринда тасвирга бўлган ҳуқуқ муҳофазасини чекловчи қатор ҳолатлар бор. Масалан, юқоридаги жавобгарлик фақатгина шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларга нисбатан татбиқ этилади. Бундай маълумотларга мисол сифатида кишининг ножўя, хунук одатлари, ишқий алоқалари, интим ҳаётини келтириш мумкин. Қонунчилик шахсий ва оилавий сир доирасини белгиламайди. Шу боисдан, ҳар бир ҳолатда маълумотнинг хусусияти бўйича якуний баҳо суд томонидан берилади.

Шунингдек, юқоридаги моддалар тасвирни яширинча олишга мўлжалланган махсус техник воситалардан фойдаланиш ҳолатларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этмайди. Масалан, махсус ручка ёки тугмага ўрнатилган яширин камералар орқали кишига билдирмасдан уни тасвирга олиш имконияти анча юқори. Бу эса, ўз навбатида, унинг ижтимоий хавфлилик даражасини янада оширади.

Айтиш лозимки, тасвирни қонуний тўплаш, тарқатиш ва ундан фойдаланиш мақсад (субъектив томон) ва кўринишлари (объектив томон) кенг бўлганлиги сабабли иш ҳолатига қараб, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, майда безорилик ёки бошқа ҳаракатлар учун жавобгарлик келтириб чиқариши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам кишилар ноқонуний олинган ўз шахсига доир маълумотлар йўқ қилинишини талаб қилиши, маълумотларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилиши мумкин.

Бошқа давлатларда қандай?

Ўзбекистонда тасвирга бўлган ҳуқуқлар бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги йилларда жиддий тус олаётган бўлса, бошқа давлатлар аллақачон бундай муаммоларни бошидан ўтказиб, қонунчилигини шахс дахлсизлигини таъминлашнинг замонавий талабларига мослаштирган.

Шу жумладан, Швейцария, Испания, Франция, Бразилия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитой қонунчилигида шахсни тасвирга туширишда унинг розилигининг талаб этилиши алоҳида белгиланган. Шунингдек, Дания, Францияда оммавий тадбирларда ва жамоат жойларида (таълим муассасалари, ҳайвонот боғлари, сайилгоҳлар) олинган тасвирларни, Бразилия, Канада давлатларида эса шахснинг фото ёки видео тасвирларини тарқатиш давлат ва жамоат манфаатлари учун фойдаланилганда унинг розилиги талаб этилмаслиги назарда тутилган.

Масалан, Бирлашган Араб Амирликларида фотограф ёки видеооператор бошқа шахсларнинг тасвирини туширган бўлса, ушбу тасвирни ўзида сақлашга, кўрсатиш ва намойиш этишга, тарқатишга, нашр қилишга тасвири туширилган шахснинг розилигисиз ҳақли эмас. Бундай ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, уни содир этганлик учун 6 ойгача қамоқ ва жарима жазоси белгиланган.

Швейцария фуқаролик қонунчилигида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги умумий банд мавжуд бўлиб, унинг ҳуқуқлари фақат ушбу шахснинг розилиги билан чекланиши мумкин. Шахснинг ташқи кўринишини ҳар қандай ҳолатда ва жойларда расмга олиш унинг ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади.

Жанубий Кореяда яширин камералардан фойдаланиб, хотин-қизларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш ҳолатлари авж олиб кетган. Хусусан, мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича 2012 йилда 2 500 та ҳолат аниқланган бўлса, 2018 йилда ушбу кўрсаткич 6 500 тани ташкил этган. Ушбу ҳуқуқбузарликдан жабрланганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари мавжуд.

Шу сингари ҳолатлар натижасида кўплаб давлатларда тасвирдан фойдаланиш тартиби қатъийлаштирилиб, уни бузганлик учун жазо кучайтирилган. Хусусан, қатор давлатларда (масалан, АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Сингапур, Руминия ва Польша) тасвирни яширинча олишга мўлжалланган махсус техник воситалардан фойдаланиш ҳолатларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, тасвирга бўлган ҳуқуқ шахс дахлсизлигининг энг муҳим элементларидан бири. Кишиларнинг ушбу ҳуқуқини ҳурмат қилмаслик, уни поймол қилиш нафақат этика меъёрларига зид, балки жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий хавфли қилмиш саналади. Шу боисдан, кишиларни тасвирга олиш, уни тарқатиш учун ҳар қандай ҳолатда, шу жумладан, фотография мақсадларида ҳам ундан розилик олиниши шарт.