Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Ҳокимлик фуқарога 548 миллион сўмдан ортиқ компенсация тўлайди


        Фуқаро Ш.К.нинг Самарқанд шаҳри Рўдакий кўчасида жойлашган доривор ўсимликларни қадоқлаш цехининг биноси Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2015 йил 17 июндаги 791-Қ-сонли қарори билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган, аммо шу пайтга қадар компенсация тўлаб берилмаган. Ҳатто, Самарқанд шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими 3 кун муддатда бузилишга тушган мазкур бино ўрнига товон тариқасида бошқа ер майдони ажратиш бўйича таклиф киритиш вазифасини олган бўлса-да, масалага йиллар ўтса ҳам эътибор қаратмаган. Ш.К. шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба бу борада ёзма ва оғзаки мурожаат қилган, лекин бесамар кетган. Жорий йилнинг 27 январида ҳокимлик фуқарога 9-17/1887/Қ-сонли ёзма хат бериб, гўё 2021 йил 1 августдан туман (шаҳар) ҳокимликларининг ер муносабатларига доир қарор чиқариш ваколати бекор қилингани қабилидаги баҳона билан сувдан қуруқ чиқишга уринган. Бироқ савол туғилади, унгача нега бу муаммо ҳал этилмаган, нега фуқаро йиллар давомида ҳокимлик остонасида сарсон-саргардон бўлган? Ҳуқуқлари бузилган? Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг (Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2016 йил 30 майдаги 745-Қ-сонли қарори қабул қилинган пайтда амалда бўлган) 8-бандига кўра, бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарлар қоплаб берилиши керак.Ўз мулкини жамоат эҳтиёжлари учун бериб, сўнгра қуруқ қўл билан қолган мулкдор фуқаро мазкур чигал муаммони қонуний кўриб чиқишда амалий ёрдам сўраб Самарқанд вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Бошқарма томонидан масала ўрганилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритилди. Суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14, Уй-жой кодексининг 27, 29, Фуқаролик Процессуал кодексининг 138, 141, 249-253- моддаларини қўллаб, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан фуқаро фойдасига жами 548 миллион 722 минг 300 сўм миқдорида копменсация ундириш ҳақида қарор қабул қилди.

М.Абдуғаниев,
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими