Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг янги босқичи


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 июнида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Унга кўра, давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам олувчи шахслар тоифаси янада кенгайтирилди. Таъкидлаш керакки, мазкур қонунининг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатини кучайтиришга, кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмларининг қонуний йўлга қўйилишига бевосита хизмат қилади.

Жумладан, ўтган 2022 йилда биргина Самарқанд вилоятида адвокатлар томонидан жиноят ишлари бўйича тайинлов асосида 5 083 марта юридик ёрдам кўрсатилган бўлиб, давлат ҳисобидан 1 млрд 117 миллион 236 минг 530 сўм маблағ ажратилган. Муҳими, ушбу қонун кучга киргач, бу кўрсаткич қамрови тобора кўпаяди. Боиси, шахслар жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам билан таъминланади.  

Қайд этиш жоиз, бунга қадар адлия органлари томонидан уйма-уй юрган ҳолда “маҳаллабай” ишлаш, туман (шаҳар) адлия бўлимларида ташкил этилган “Ҳуқуқий кўмак дарчалари”, “Мадад” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал қонунчилигига асосан жиноят ишларида бундай амалиёт мавжуд бўлган.  

Масалан, 2023 йилнинг 1 январидан Адлия вазирлиги томонидан фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилган эди. Мазкур ахборот тизими доирасида, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада ошириш мақсадида улар учун адвокатлар томонидан ихтиёрий равишда бепул профессионал юридик ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилди.  

Ушбу қонунинг қабул қилиниши эса давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон тизим орқали танлаш, бу борада инсон омилини бартараф этиш, яъни, “чўнтак адвокатлар” амалиётига барҳам бериш, адвокатлар ва давлат органлари ўртасида қоғозбозликни камайтириб, электрон воситалар ёрдамида маълумот алмашиш тизимини йўлга қўйиш, асосийси, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тезкорлик билан ҳимоя қилишга қонуний пойдевор яратди.  

Маълумки, қонун билан давлат ҳисобидан молиялаштириладиган иккиламчи бепул юридик ёрдам фақат иккиламчи бепул юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади. Бундан мақсад барча адвокатларни бепул юридик ёрдам кўрсатишга мажбурий жалб қилмасликдир. Яъни, исталган адвокат ихтиёрий равишда Бепул юридик ёрдам маркази билан шартнома тузади ва Реестрга киритилади. Бироқ, давлат ҳисобидан молиялаштириладиган бепул юридик ёрдам фақат Реестрга киритилган адвокатлар томонидан амалга оширилиши, бошқа адвокатларнинг бепул, ихтиёрий беғараз юридик ёрдам кўрсатишини чекламайди. Хусусан, адвокат адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган адвокатлик фаолиятининг исталган тури бўйича бепул, беғараз, ихтиёрийлик асосида юридик ёрдам кўрсатишга ҳақли.  

Мазкур тартиб жаҳон тажрибасида ҳам кенг қўлланилади. Масалан, АҚШ, Исроил, Голландия, Буюк Британия, Финляндия, Австралия, Канада, Франция, Германия, Швеция, Болгария, Венгрия, Польша, Руминия, Словакия, Чехия, Литва, Латвия, Эстония, Россия, Грузия, Молдова, Украина, Россия ва Қирғизистонда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва бошқариш алоҳида марказ, бюро, кенгашлар томонидан амалга оширилади. Аксарият давлатларда ушбу тузилмалар Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.  

Қонун сентябрь ойининг иккинчи ярмидан кучга киради. Бу эса адлия органларига қонунинг мазмун-моҳияти, унинг амалиётга татбиқ этилиш механизмлари, унда кўтарилган масалаларнинг аҳамиятини тобора тарғиб қилишни устувор вазифа сифатида қўяди.

Шундан келиб чиқиб, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан жойларда бу борада тарғибот тадбирлари, ўқув машғулотлари ташкил қилинмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса мазкур қонунни жамоатчиликка, халққа етказиш.    

Салоҳиддин НУРИЕВ,  

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.