Янгиликлар
24
“СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ СОҲАСИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ҲАМДА ҲАЛ ЭТИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН МАВЖУД МУАММОЛАРИ” МАВЗУСИДА ДАВРА СУҲБАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоя қилиниши, адолатни қарор топтиришда суд экспертизанинг аҳамияти катта. Шу боис, бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг суд экспертиза имкониятларидан фойдаланишлари учун қулай ва кенг шароитлар яратилмоқда.
Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
Шу мақсадда бугун Самарқанд вилоят адлия бошқармасида “Суд экспертизаси соҳасидан амалга оширилган ишлар ҳамда ҳал этилиши лозим бўлган мавжуд муаммолари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Адлия вазирлиги Юридик-таълим ва суд-экспертиза бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Базоров, Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг Самарқанд вилоят бўлими мудири А.Джураев ва бошқалар, соҳа вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда суд экспертиза соҳасида амалга оширилаётган ишлар, Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ Самарқанд вилоят бўлимидаги мавжуд имкониятлар ва келгусидаги режалар, йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ ҳужжатларни терговга қадар текширув ҳаракатларни олиб боришда келиб чиқаётган муамолар, одам ДНКси суд биологик экспертизасининг имкониятлари мавзуларида сўз борди.
— Таъкидлаш жоизки, суд-экспертлик фаолияти долзарб соҳавий йўналишлардан бири бўлиб, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилинишида, фуқароларнинг ишончини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди тадбирда сўзга чиққан М.Базоров. — Сўнгги йилларда мамлакатимизда соҳани тубдан такомиллаштириш борасида қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, сўнги беш йилда соҳа фаолиятига оид 2 та Қонун, 4 та Президент Фармони ва қарорлари, 7 та Ҳукумат қарорлари ҳамда 6 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур соҳани янада ривожлантириш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 5 июль куни “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармон билан эса Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган концепцияси ва уни ижросини таъминлаш мақсадида концепцияси бўйича 2021—2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди. Концепция билан соҳа ривожига оид қатор вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидландики, келгусида Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази тузилмасида Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш назарда тутилган. Ҳукумат қарори асосида мазкур Институтнинг вазифа ва функциялари белгилаб берилди. Институт келгусида давлат суд-экспертиза муассасалари фаолиятида илмий-услубий кўмак кўрсатиш, уларда мавжуд услубий қўлланмаларни танқидий кўриб чиқиш ва амалиётни уйғунлаштириш, суд ва тергов органларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб янги экспертиза турларини жорий этишга ўзининг ижобий ҳиссасини қўшади.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан 51 хил суд экспертизаси турларини ўз ичига олган Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар рўйхати тасдиқланди ҳамда тадқиқот натижалари юзасидан мутахассис фикри берилади. Мазкур ҳуқуқ келгусида жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини суд ва тергов органларида ҳимоя қилишга хизмат қилади.
— Қайд этиш жоизки, ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотлар етказиш ва ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” электрон ахборот тизими жорий этилмоқда, — деди А.Джураев. — Мазкур тизимнинг жорий этилиши натижасида суд экспертиза соҳасига ахборот технологияларини кенг жорий қилиш орқали суд экспертизаларини ўтказишга сарфланадиган вақтнинг қисқаришига, соҳада қоғозбозликнинг йўқотилишига эришилади. Шунингдек, адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг давоми сифатида 2023 йил 21 февралда Вазирлар Маҳкамасининг "Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 73-сон қарори қабул қилинди. Мазкур Намунавий низомда суд экспертизаси ҳамда тадқиқотлар ўтказиш тартиби ва шартлари, суд экспертизаси хулосаси ва мутахассис фикрини тузилишига қўйилган талаблар, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)ларнинг суд экспертизаси ва тадқиқотларни ўтказиши асослари, хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун суд экспертизаси имкониятларидан фойдаланиш ва жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан суд экспертлари томонидан мутахассис фикрини бериш тартиби назарда тутилди.
Шунингдек тадбирда “Одам ДНКси суд биологик экспертизаси имкониятлари” мавзусида Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг Самарқанд вилоят бўлими давлат суд эксперти А. Мардиев томонидан маъруза қилинди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар соҳада мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ўзларини таклиф ва мулоҳазаларини ўртага ташлашди.