Янгиликлар
Тадбиркорлик учун бериладиган 9 субсидия тури
Тадбиркорликни ривожлантириш учун, албатта, сармоя керак бўлади. Бизнесини энди бошлаган, маблағи кам тадбиркорларни давлат қандай қўллаб-қувватлайди? Кимларга тадбиркорлик учун субсидия берилади? Қандай турдаги субсидиялар, қанча миқдорда ва қайси мақсадлар учун? Субсидияни олмоқчи бўлганлар қаерга мурожаат қилиши керак? Ариза қандай ёзилади? Hudud24 тадбиркорлик субъектлари учун бериладиган 9 та субсидия, уни олиш шартлари ҳақида маълумот беради.
- Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун субсидия
Бу субсидия тури ишсиз, кам таъминланган ёки камбағал оилалар аъзоси бўлган томорқа ер эгаларига берилади. Улар енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш ва/ёки уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Аризада томорқа ер эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ишсиз, кам таъминланган ёки камбағал оила аъзоси эканлиги, томорқа ерга эгалик ҳуқуқи мавжудлиги ҳамда сўралаётган субсидиянинг тури кўрсатилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун томорқа ер эгаси шахсан жавобгар ҳисобланади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи ҳар бир оилага фақат бир марта берилади.
- Қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун субсидия
Субсидия ишсиз, кам таъминланган оиланинг аъзоси ёки ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга берилади. Улар қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этиш ёки қишлоқ хўжалиги кооперативига ихтиёрий аъзо бўлиш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Агарда таъсисчилар сони икки ва ундан ортиқ бўлса, уларнинг бирининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилинади.
Аризада ишсиз шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ишсиз, кам таъминланган ёки камбағал оила аъзоси эканлиги, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келганлиги ва қишлоқ хўжалиги кооперативининг қайси фаолият тури билан шуғулланишини ҳамда сўралаётган субсидиянинг базавий ҳисоблаш миқдори кўрсатилади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи бир марта берилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун ишсиз шахс шахсан жавобгар ҳисобланади.
- Қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга дастгоҳ харид қилиш учун субсидия
Бу субсидияни “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчи юридик шахслар олиши мумкин. Улар учтадан кам бўлмаган янги иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳларини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий фаолият юритаётган манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилади.
Аризада корхона номи, СТИР рақами, сотиб олинадиган дастгоҳлар тўғрисида маълумот ҳамда яратиладиган янги иш ўринлари сони, “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига аъзолик маълумотномаси кўрсатилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун уюшма аъзоси жавобгар ҳисобланади.
- Қўл меҳнати учун ускуналар сотиб олишга субсидия
“Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектига берилади. Тадбиркор камида битта иш ўрни яратиш шарти билан қўл меҳнати учун харид қилинадиган ускуналарга сарфланган харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий фаолият юритаётган манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Аризада тадбиркорлик субъектининг номи, СТИР рақами, қўл меҳнати учун харид қилинадиган ускуналар тўғрисида маълумот ҳамда яратиладиган янги иш ўрни, “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмасига аъзолик маълумотномаси кўрсатилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун тадбиркорлик субъекти шахсан жавобгар ҳисобланади.
- Балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш учун субсидия
Аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича “Ишга марҳамат” мономарказларидаги ўқув курсида ўқиш истагида бўлган жисмоний шахслар ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Аризада жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), хонадонида балиқ етиштириш мақсадида “Ишга марҳамат” мономарказларидаги ўқув курсида ўқиш учун сўралаётган субсидия миқдори кўрсатилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун жисмоний шахс жавобгар ҳисобланади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи бир марта берилади.
- Асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия
Субсидия Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар учун берилади. Улар фаолиятини бошлаш учун керак бўладиган асбоб-ускуна ва/ёки меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформа орқали ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Аризада ишсиз фуқаронинг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ишсизлиги, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”нинг бирида турганлиги, ўз фаолиятини бошлаш учун харид қилиш керак бўладиган асбоб-ускуна ва/ёки меҳнат қуролларининг номи, сўралаётган субсидия миқдори, тадбиркор сифатида давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлиги кўрсатилади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун ишсиз фуқаро жавобгар ҳисобланади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи бир марта берилади.
- Бино ва иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия
Тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз шахсга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг дастлабки уч ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия берилади. Тадбиркор ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформа орқали ариза билан мурожаат қилиши керак.
Аризада ишсиз шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), сўралаётган субсидия миқдори, тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги кўрсатилади, шунингдек, фаолиятини амалга ошириш учун ижарага олинаётган бино ва иншоотнинг ижара шартномаси нусхалари ҳамда банк реквизитлари илова қилинади.
Аризада қайд этилган ва илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар ҳаққонийлиги ишсиз шахс жавобгар ҳисобланади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи бир марта берилади.
- Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун субсидия
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳлаётган ишсиз шахслар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхона ёки микрофирмани давлат рўйхатидан ўтказиш учун сарфланадиган харажатларни тўлашда бир марталик субсидия олиши мумкин. Улар ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилади.
Аризада ишсиз шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ишсизлиги, якка тартибдаги тадбиркор, кичик корхона ёки микрофирма бўлиб рўйхатдан ўтмоқчилиги, сўралаётган субсидиянинг турини кўрсатади.
Аризада қайд этилган маълумотлар ҳаққонийлиги учун ишсиз шахс жавобгар ҳисобланади.
Ушбу субсидия туридан фойдаланиш ҳуқуқи бир марта берилади.
- “Уста-шогирд” анъаналари асосида ўрганмоқчи бўлган ёшларга ёки ҳунар ўргатаётган усталарга субсидия
Касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқув хоналарида касб-ҳунарга ўқитиш қийин бўлган ва қонунчиликда кўрсатилган касбларни “уста-шогирд” анъаналари асосида ҳунар ўрганмоқчи бўлган ёшлар ёки ҳунар ўргатаётган (ёки ўргатмоқчи бўлган) усталар шогирдларни тайёрлаш ёки иш ҳақи билан таъминлаш учун субсидия олиши мумкин. Улар субсидия ажратиш бўйича тавсия беришни сўраб ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки «Онлайн маҳалла» электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Бунда:
шогирд — аризада фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ўрганмоқчи ёки ўрганаётган ҳунарининг номи, сўралаётган субсидия тури ҳамда устанинг фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварағи, шунингдек, устанинг тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги ёки “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолиги кўрсатилади;
уста — аризада фамилияси, исми ва отасининг исми, доимий яшаш манзили, паспорт серияси ва рақами (ID-карта рақами), ўргатмоқчи ёки ўргатаётган ҳунар номи, сўралаётган субсидия тури ва субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварағи, тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги ёки “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолиги кўрсатилади, шунингдек, “уста-шогирд” анъаналари асосида қабул қилган шогирдларни (фамилияси, исми ва отасининг исмини кўрсатган ҳолда) рўйхати илова қилинади.
Аризада қайд этилган ва илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар ҳаққонийлигига шогирд ёки уста жавобгар ҳисобланади.
Саламат Туремуратов