Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Адлия вазири Ургут туманида бўлиб, тадбиркорлар, ёшларнинг муаммоларини ўрганди


Адлия вазири Акбар Тошқулов Самарқанд вилоятига хизмат сафари чоғида бугун Ургутда бўлиб, эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларида бўлди, тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Жумладан, А.Тошқулов “Urgut mikro metal”, “Sam elektro servis”, “Ideal electrolux” ва “Yec gilam” ва бошқа корхоналарда бўлди. Уларнинг иш фаолияти, бу ердаги мавжуд имкониятлар, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ўрганди.  


Маълумот учун: Сариқтепа массивидаги ушбу йирик иқтисодий зона жойлашган ҳудуд бир пайтлар катта дашт бўлган. Бугун эса бу ер кичик ишлаб чиқариш шаҳарчасига айланган. Ҳозирга келиб мазкур эркин иқтисодий зонада қиймати 887,7 миллион АҚШ долларилик 148 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 393,5 миллион АҚШ долларилик 80 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳудудда бир қатор саноат корхоналари иш бошлади ва уларда 5 минг нафардан ортиқ (2023 йил 1 август ҳолатига) иш ўринлари яратилди. 2023 йилнинг 7 ойида қиймати 36,6 миллион долларилик 4 та лойиҳа ишга туширилиб, 219 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, “Ideal electrolux” корхонаси томонидан қиймати 5,4 миллион АҚШ долларилик янги лойиҳалар йўлга қўйилган.  

Корхоналар масъуллари, тадбиркорлар А.Тошқулов билан очиқ мулоқотда маҳсулотларни ички бозорга олиб чиқиш, шунингдек, уларни экспортга йўналтириш, хусусан, қонунчиликка солиқ, божхона соҳаси билан боғлиқ қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларини билдирди.

Шундан сўнг вазир Ургут туман ахборот-кутубхона марказида ургутлик ёшлар билан учрашди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда туман ёшлари тадбиркорлик, иш ва меҳнат муносабатлари, таълим ва шу каби бошқа масалалар бўйича фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари ҳақида адлия вазирига мурожаат қилишди. Аксарият ёшлар вазир билан инглиз тилида ҳам мулоқот қилди. Жумладан, “Нисбот” маҳалласида яшовчи Аббос Нормуродов IT-соҳасига қизиқиши, моддий имкониятлари сабаб бу соҳада таълим олишга қийналаётганини маълум қилди. А.Тошқулов унга адлия кўмагида ўзи қизиққан соҳасининг чинакам устаси бўлиш имкон яратиб берилишини билдирди. Энди у ўзи қизиққан соҳада таълим оладиган бўлди. 

“Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Амир Равшановнинг қўлида яхши ҳунари бор. Агар унга зарур техника воситалари олишда кўмаклашилса, у кўпнинг оғирини енгил қилиб, эвазига яхши даромад топиши ҳам мумкин. Мулоқот чоғида унга ва мазкур масалада мурожаат қилган Аббос Суюновга метал буюмларни пайвандловчи аппаратни топширилди. Адлия вазири шунингдек, ёшлар билан мулоқотда яқинда маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида ҳам давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилиши режалаштирилаётгани, бу соҳада ўқиб, тажриба орттирган ёшлар шу хизматни маҳалла фуқароларига кўрсатиш баробарида, тадбиркор сифатида ўз бизнесини бошлаши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.   

Мулоқотдан сўнг вазир Ургут тумани адлия бўлими, Давлат хизматлари маркази, ЮХКМ иш жараёни, бу ерда фуқаролар ва ходимлар учун яратилган шароитлар кўлами, йўлга қўйилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Соҳани янада ривожлантириш, бунда хизматлардан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар учун қулайликлар яратиш борасида тизим ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг таклифлари ўрганилди. Мазкур таклифлар асносида тез кунларда янги қонун ҳужжати қабул қилиниши мумкинлигини маълум қилди.