Янгиликлар
Нурободликларни қандай муаммолар қийнаяпти?
— Лалми ердан жой олиб, у ерда боғ яратиш мақсадида кўчатлар экдим. Сув чиқариш учун электр тармоғини тортиб келиш зарур, лекин...
— Уйимизни кадастр ҳужжати йўқ...
— Ишга кирмоқчиман, аммо аризамизга ижобий хулоса берилмаяпти...
Бугун Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Қурбоновнинг Нуробод туманида туман халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган сайёр қабулида нурободликлар шу каби ҳуқуқий масалаларда мурожаат қилди.
Сайёр қабулда 20 дан ортиқ ана шундай ҳуқуқий мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 4 таси масъуллар иштирокида жойида ҳал қилиниб, 8 та фуқарога мурожаати мазмунидан келиб чиқиб ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган қисми эса тегишли масъуллар ва ваколатли идораларга юборилиб, ижроси назоратга олинди.
— Мен бу қабулга уй-жой билан боғлиқ муаммо билан келганман, — дейди исмини ошкор қилишимизни истамаган фуқаро. — Уй сотиб олдик, фақат тўловнинг маълум қисмини бир йилдан сўнг беришга келишдик. Лекин уй эгаси қарорини ўзгартириб, уйни бошқага сотиб юборди ва тўлаган пулимизни ҳам қайтармай қўйди. Қабулда адлия масъуллари мени тинглаб қонуний ҳуқуқларимни тушунтириб беришди. Энди масала тез орада ҳал бўладиган бўлди.
Қабул давомида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосан пенсия ва нафақа, меҳнат ва бандлик муносабатлари, соғлиқни сақлаш ва таълим, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш, субсидия ва бошқа соҳаларга оид бўлди.
Шунингдек, фуқароларга қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар бўйича маълумотлар берилиб, жиноятчиликни олдини олиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ соҳаси борасида тарғибот ишлари олиб борилди ҳамда давлат хизматлари кўрсатилди.