Янгиликлар
Бугун Самарқанд вилоят адлия бошқармасида “Edo.ijro.uz” тизимида ишлаш бўйича ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги давлат идоралари ва ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этди
Унда вилоятдаги давлат идоралари ва ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этди.
Семинарда мазкур тизимда ишлаш ва унинг афзаллиги, унда иш юритишни тўғри ташкил қилиш, “Рақамли ҳукумат” ва “Рақамли ҳудуд” дастурлари доирасида амалга оширилаётган бошқа ислоҳотлар, мазкур йўналишдаги янгиликлар тўғрисида сўз борди. Тадбирни Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари О.Шодиқулов кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг, сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳудудий бошқармаси масъул ходими В.Мухторов, “UniconSOFT” МЧЖ вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи А.Келдиёров ҳамда вилоят адлия бошқармаси Президент ҳужжатлари ижросини таъминлаш шўъбаси бошлиғи Ғ.Маъдиев ва бошқалар Президентимизнинг жорий йил 24 майда имзолаган “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, ижро интизомини ташкил этишда “Edo.ijro.uz” электрон тизимининг ўрни ва аҳамияти, мазкур тизимда иш юритиш тартиби, босқичлари ва техник жиҳатлари тўғрисида батафсил тушунтириш беришди.
— Мазкур қарор билан “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига рақамли хизматлардан фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тартиботларни қисқартириш, шунингдек, давлат бошқаруви, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини ҳамда ҳудудларни рақамли трансформация қилинишини таъминлаш мақсад қилган. 2023 йил 1 декабрдан бошлаб “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси туфайли давлат органлари аҳоли ва бизнесдан яна 47 турдаги маълумотларни талаб қилмайди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 95 та янги хизматлар ва сервислар пайдо бўлади. Шунингдек, иқтисодиётнинг тармоқларини рақамлаштириш соҳасида 51 та лойиҳа ташаббуси билан чиқилди, — деди Ғ.Маъдиев.
Таъкидландики, жорий йил 1 июндан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ташқи кредит ва беғараз кўмак маблағлари асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг рақамли компонентларга йўналтириладиган қисми Рақамли технологиялар вазирлиги билан мажбурий тарзда келишилиши белгиланди.
Бундан ташқари, “Рақамли ҳукумат” ва “Рақамли ҳудуд” дастурлари доирасида, “Edo.ijro.uz” ижро интизоми идоралараро ягона ҳужжат алмашинуви тизими ишга туширилмоқда. Бу тизим маҳаллий ҳокимликлар ҳамда ҳудуддаги барча ташкилотларда жорий қилиш билан вақтнинг тежалиши ва иш кўламининг ошишини, ҳужжатларнинг электрон сақланиши, исталган ҳужжатни қисқа вақта топа олиш, ходимларнинг ортиқча жисмоний ҳаракатларини камайтириш, яъни қоғоз кўринишидаги ҳужжатлар айланишини бекор қилишга қаратилган. Тизимнинг мобил иловаси орқали фойдаланувчининг қаерда қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар маълумотлардан фойланиши иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбир савол-жавоб, муҳокамалар билан қизғин давом этди.