Янгиликлар
Устоз — қадри буюк муаллим!
Донолар айтадики, тарих бир кунда яралиб қолмайди. У жасоратли, фидойи ва юксак маънавиятли шахслар томонидан шаклланади. Бинобарин, адлия органлари ҳам 100 йиллик тарихга ва бу тарихни яратилишига сабаб бўлган шахсларга эга. Зотан, ҳар бир соҳада фидойилик билан меҳнат қилган устозларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг маслаҳат ва ўгитларига амал қилиб яшаш инсонийлик фазилатининг олий намунаси ҳисобланади.
Адлия органларида ҳам соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийларга мунтазам равишда эътибор қаратилиб, уларни йўқлаш, ҳолидан хабар олиш, кўмак бериш эзгу анъанага айланган.
“Устоз-шогирд” анъанасини давом эттирган ҳолда бугун, 29 сентябрь куни 1 октябрь — “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Самарқанд вилоят адлия бошқармасида адлия тизимида узоқ йиллар самарали фаолият юритган ва ҳозирда ўз ҳаёт сабоқлари билан шогирдларига камарбаста бўлиб келаётган бир қатор фахрийлар ҳамда адлия органларида фаолият юритаётган мутахассислар иштирокида “Авлодлар учрашуви” ўтказилди.
Дастлаб, сана муносабати билан бошқарма бошлиғи С.Нуриев ва бошқалар сўзга чиқиб, барча соҳа фахрийларини, устоз ва мураббийларни байрам билан қутлади ҳамда кўп йиллик самарали меҳнати, ҳуқуқни қўллаш соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси, тизимга билимли, интеллектуал салоҳиятли кадрларни тайёрлаб беришдаги фидойилигини эътироф этди.
Шундан сўнг, фахрий устозлар узоқ йиллик меҳнат фаолияти, тажрибалари, тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида йиғилганларга гапириб беришди. Учрашувда қатнашган ёшлар, мутахассислар билан самимий мулоқотда бўлишди. Тантанада фахрий устозларга Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг байрам совғалари топширилди. Шундан сўнг, тадбир бир пиёла чой устида давом этди.
Дарҳақиқат, устоз ва мураббийлар, соҳа фахрийларининг тизим ривожи учун қўшган ҳиссаси, жасорати олдида доим таъзимдамиз ва улар билан фахрланамиз. Зеро, улар тирик тарихимиз ва жонли энциклопедиямиздир.
Тадбир давомида адлия фахрийси Алишер Мардиевга Ўзбекистон Нотариал палатасининг “Нотариал соҳасига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони ҳамда соҳа ривожига ҳисса қўшган соҳа фахрийлари байрам муносабати билан палатанинг ташаккурномаси, шунингдек, Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг эсдалик совғалари тантанали топширилди. Байрам тадбири сўнгида фахрий устозлар учун дастурхон ёзилиб, суҳбат бир пиёла чой устида давом этди.