Янгиликлар
Адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев Пайариқ туманида сайёр қабул ўтказди
Ҳар бир инсон муоммоларсиз, бекаму-кўст, эртасидан кўнглини тўқ қилиб яшашга ҳақли. Айни пайтда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳам бош мақсади инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Ана шу олий тамойилни чуқур ҳис қилган ҳолда адлия масъуллари ҳам доимий равишда халқ билан мулоқотда бўлиб келади. Хусусан, бугун Пайариқ туманида фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш учун ташкил этилган сайёр қабул ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилди.
- Бир қанча ҳуқуқий муаммолар юзасидан келдим, - дейди тадбиркор Б. Тугалова. - Хусусий боғча фаолиятини йўлга қўйганман. Тегишли миқдорда ер ажратиш ҳақида қарор чиқарилган. Мавжуд солиқларни ҳам тўлаб келаяпман. Бироқ туман кадастр бўлимидагилар ўша ерни ажратиб, чегараларини белгилаб беришни пайсалга солаяпти. Ундан ташқари, бир қанча фуқаролар номига ноқонуний кредит расмийлаштирилиб, тўловлар ундирилиб келинмоқда. Бу борада шу пайтгача қилган мурожаатларимиз самарасиз бўлди. Адлия масъулларидан адолат истаб келдик.
Қабулда адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев, Пайариқ туман ҳокими И.Жабборов ҳамда туман масъуллари иштирокида жисмоний ва юридик шахсларнинг ана шундай муаммолари тинглади.
Қабул давомида фуқаролардан уй-жой, кадастр ҳужжатини шакллантириш, меҳнат ва бандлик муносабатлари, суд-ҳуқуқ масалаларида дуч келинаётган муаммолар, таълим, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ 40 дан ортиқ бошқа мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, мобил автобусда сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Қолганлари юзасидан тегишли муддатлар белгиланди ва ҳал этилиши учун мутасаддиларга топшириқлар берилди.