Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

31

Қандай низоларни судгача ҳал қилса бўлади? Медиациянинг афзаллиги ва 5 муҳим қоида


Меҳнат низолари, тадбиркорлик фаолияти ортидан келиб чиқадиган келишмовчиликлар, алимент, мулкни бўлиш… Булар учун судга бориш шартми? Аслида судгача ҳам айрим низоларни ҳал қилса бўлади. Хорижда кенг қўлланиладиган, бизда эса ҳамма ҳам билмайдиган медиация амалиёти нима ўзи? Унинг суддан кўра афзаллиги борми ва қандай? Медиаторларни қаердан топса бўлади? Hudud24.uz қуйида шулар ҳақида батафсил маълумот беради.

  1. Медиация қандай фаолият?

Медиация – баҳс-мунозараларни учинчи бетараф томон иштирокида тартибга солиш ҳисобланади. Бу амалиёт низоли тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади. Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин.

Ёдингизда бўлсин, медиацияда иштирок этиш факти айбга иқрор бўлишнинг исботи ҳисобланмайди.

Медиацияни фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда, масалан, тадбиркорлик фаолияти юзасидан келиб чиқадиган низоларга, меҳнат низоларига ва оилавий келиб чиқадиган низоларга нисбатан қўлласа бўлади.

Медиация тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди.

Ушбу фаолият медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.

  1. Медиациянинг қандай афзалликлари бор?

Биринчидан, низоларни медиация орқали ҳал этиш судга қараганда қулайроқ ва бунга камроқ вақт сарфланади. Бундан ташқари, тарафлар низоларни медиация усули билан ҳал қилиши белгилансаю, келишувга риоя қилинмаса ҳам жавобгарлик мавжуд эмас.

Шунингдек, медиация билан эришилган келишув устидан судга шикоят қилиш белгиланмаган ҳамда бу унинг тезроқ ижро қилинишини таъминлайди. Суд қарорида эса унинг устидан шикоят берилиши суд қарорининг ижросини тўхтатиб туради.

Бундан ташқари, суд ишни кўришга ваколати йўқлиги сабабли даъвони рад этиши мумкин. Медиацияда эса бундай муаммо йўқ. Тарафлар исталган вақтда ва исталган медиаторга мурожаат қилишлари мумкин.

 Иккинчидан, медиация мутлақо махфий жараён ҳисобланади. Тарафлар, медиатор, унда қатнашаётган бошқа шахслар муҳокама жараёнидаги ахборотни ҳавола қилишга ҳақли эмас. Суд жараёнида эса қонунчиликка мувофиқ, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиши мумкин.

Учинчидан, медиация муносабатларда тўлиқ танлов эркинлигини назарда тутади. Медиация универсал характерга эга бўлиб, низоларнинг юрисдикциясини аниқламайди ҳамда медиатор мустақил равишда танланади. Mедиация ҳуқуқий низони ҳал қилишда кимнинг ҳақ эканлигини ёки нима нотўғри эканлигини аниқлаш вазифасини қўймайди. У фақатгина низо моҳиятини баҳолаш бўйича музокаралар ўтказиш усули ҳисобланади.

Тўртинчидан, медиацияда маълум бир вақтни олиши мумкин бўлган далиллар тўпланиши шарт эмас. Яъни, медиатор далил тўпламайди ёки экспертизани тайинламайди. Шунингдек, медиация жараёнида суд ва процессуал қоидаларнинг барчаси қўлланилмайди, шу сабабли тарафлар низо бўйича ўзаро мақбул ечимга келиши мумкин бўлади.

  1. Медиатор ким ва унинг вазифалари нималардан иборат?

Медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан медиаторлар жалб этилади. Медиатор — медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади. Медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда бўлиши мумкин.

Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин.

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.

Қуйидагилар медиатор бўлиши мумкин эмас:

  • давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс, бундан нотариуслар мустасно;
  • муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;
  • судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
  • ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс.

Медиатор иш жараёни давомида бир вақтнинг ўзида ҳам тарафларнинг барчаси билан, ҳам тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказишга, уларга низони ҳал этишга доир оғзаки ва ёзма тавсиялар беришга, шунингдек медиация тартиб-таомилини амалга ошириши муносабати билан сарфлаган харажатларининг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.

  1. Медиацияни қўллаш тартиби қандай?

Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин. Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин. Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.

Давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тақдирда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши керак.

Медиацияни амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади.

  1. Медиацияни қўллашда қандай чекловлар мавжуд? Медиация қандай ҳолатларда тугатилади?

Медиацияни қўллаш пайтида медиатор:

  • айни бир низо бўйича бирор-бир тарафнинг вакили бўлишга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ва унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;
  • бирор-бир тарафга юридик, маслаҳат ёрдами ёки бошқа ёрдам кўрсатишга;
  • агар у медиацияни амалга ошириш натижасидан шахсан (бевосита ёки билвосита) манфаатдор бўлса, шу жумладан тарафлардан бири бўлган шахс билан қариндошлик муносабатларида бўлса, медиатор фаолиятини амалга оширишга, бундан унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;
  • тарафларнинг розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнотлар беришга ҳақли эмас.

Медиация қуйидаги ҳолатларда тугатилади:

  • тарафлар томонидан медиатив келишув тузилганлиги;
  • низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти йўқлиги;
  • мавжуд ихтилофлар бўйича келишувга эришмай туриб медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилганлиги (ёзма келишув мавжуд бўлган тақдирда);
  • бирор-бир тарафнинг медиацияни давом эттиришдан воз кечишни маълум қилганлиги;
  • медиацияини амалга ошириш муддатлари ўтганлиги.

Эслатма: юзага келган низони медиатор кўмагида ҳал қилишни истаганлар мана бу ердан айни кунда республикада фаолият юритаётган профессионал медиаторларни (ҳудудлар кесими бўйича) топиши мумкин.

Мақсуд Мустафоев,

Hudud24.uz колумнисти