Янгиликлар
01
Адлия: суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилди
Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш, халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган оммавий сайёр қабуллар доирасида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси раҳбариятининг навбатдаги қабуллари Каттақўрғон шаҳри ҳамда Тойлоқ туманларида бўлиб ўтди.
Унда бошқарма бошлиғи С.Нуриев, бошқарма бошлиғи биринчи ўринбосари О.Шодиқулов Каттақўрғон шаҳар, Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон, Тойлоқ, Булунғур, Жомбой ва Ургут туманлари аҳолисининг қарийб 30 га яқин суд-ҳуқуқ масалаларига оид муаммоларини тинглашди.
Мурожаатларнинг асосий қисмини уй-жой ва ер, пенсия, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, иш билан таъминлаш, компенсация, меҳнат муносабатлари, мерос, коммунал, ижтимоий ҳамда суд-ҳуқуқ масалаларига оид бошқа соҳалар ташкил қилди.
Хусусан, фуқаро О.Жўраев ва З.Очилов узоқ йиллар мобайнида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари, ишдан ноқонуний бўшатилгани, Ҳ.Рўзиева 16 йилдан бери ижарада яшаши, фарзандларига алимент ундира олмаётгани, ижтимоий уй олишда ёрдам, Д.Нарзиева уй бўйича низоли вазиятни қонуний бартараф этиш, Р.Норматова ноқонуний қурилиш билан боғлиқ муаммо, Х.Эралиева ва бир гуруҳ фуқаролар ҳомиладорлик туғруқ таътилидан қайтгач ишга тикланмаётганидан норози бўлиб, дуч келган муаммоларига қонуний ечим топишда ёрдам сўради.
Мулоқотлар давомида 5 нафар фуқаронинг муаммоси жойида ўрганилиб, қаноатлантирилди. Адлия ходимлари томонидан қабул доирасида ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилиб, мурожаатларнинг қолган қисми масъулларга кўриб чиқиб, ижросини таъминлашга юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига асосан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича икки кун давом этган сайёр қабуллар якунига етди.