Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

АДЛИЯ: “Мақсадимиз ҳуқуқий муаммоларни жойида ўрганиб, қонуний чора кўриш!”


АДЛИЯ: "Мақсадимиз ҳуқуқий муаммоларни жойида ўрганиб, қонуний чора кўриш!"

Нарпай Самарқанд вилоятининг асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳамда энг олис туманларидан бири ҳисобланади. Туман Пахтачи, Каттақурғон, Нуробод туманлари ҳамда Навоий вилоятининг Хатирчи тумани билан чегарадош. Бугунги кунда туман марказини Самарқанд шаҳригача 110 километрлик масофа ажратиб туради. Ҳудуд аҳолиси айрим ҳолларда шахсий муаммолари, юмушлари ва бошқа масалалари бўйича ана шу масофани босиб ўтиб, вилоят марказига келишига тўғри келади. Адлия масъулларининг жойларга чиқиб, халқ билан ўтказаётган очиқ мулоқотлари мазкур масофаларни қисқартириб, одамларга енгиллик яратмоқда.


Самарқанд вилоят адлия бошқармаси раҳбариятининг алоҳида режа-график асосида ташкил этилаётган навбатдаги сайёр қабули Нарпай туманида бўлиб ўтди. Унда ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари бошқарма бошлиғи ўринбосари М.Қурбонов томонидан қабул қилинди.


Хусусан, “Дўстлик” маҳалласида яшовчи М.Дониёрова 37-МТТда узоқ йиллардан бери 1,25 ставкада тарбиячи бўлиб ишлаши, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан сўнг ишга қайтганида мудира уни илгари ишлаб турган 1,25 ставка бўйича ишига қайтармаган. Яъни, бўш иш ўрни йўқ, деб 0,5 ставкада ишга олган. Шунда ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилган мурожаатидан сўнг ишга тикланган. Аслида, меҳнат қонунчилиги бўйича ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан ходимнинг иш жойи сақланиши зарур. Агар, таътилдан қайтгач, бўш иш ўрни йўқ бўлса, шунга тенг лавозим бериш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. Фуқаронинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш масаласи адлия томонидан қайта ўрганиб чиқиладиган бўлди. М.Қурбонов одамларнинг дарду-ташфишларини тинглар экан, шу каби баъзи мурожаатлар юзасидан фуқаро билан юзма-юз ҳолатда тегишли ваколатли идораларга қўнғироқ орқали боғланиб, масалани қонуний бартараф қилди.





Шунингдек, қабул давомида “Янгиобод” маҳалласидан фуқаро Г.Саъдиева алимент, “Турон” маҳалласидан О.Тўраева фарзандига туғилганлик гувоҳномаси олиш, “Хўжакарзон” маҳалласидан Р.Тўрақулов мерос, тадбиркор А.Эрбобоев тадбиркорлик фаолиятида дуч келаётган тушунмовчиликка ҳуқуқий баҳо бериш сингари масалаларда мурожаат қилди. М.Қурбоновга фуқаролардан 20 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 6 таси жойида ҳал этилиб, 4 таси ҳуқуқий тушунтириш бериш йўли билан қаноатлантирилди. Қолган қисми эса тегишли тартибда масъулларга кирим қилиниб, ижроси назоратга олинди.


Таъкидлаш керакки, адлия масъулларининг ҳудудларга чиқиб аҳоли билан бу каби очиқ мулоқотлар ўтказаётгани, кўплаб масалалар, ечимини кутаётган жараёнлар, айниқса, ҳуқуқий муаммоларни жойида ўрганиб, ҳал этиш имконини бермоқда. Зеро, бизнинг мақсадимиз ҳам айнан шу ва биз одамлар орасидамиз.