Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Ҳақорат қилиш ва сўкиниш: нима фарқи бор?


Ҳақорат учун ҳам, жамоат жойида уятли сўзларни ишлатганлик учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик бор. Ҳақорат нима, сўкиниш нима? Булар учун жавобгарлик қандай? Интернет тармоқларида, масалан, изоҳларда сўкиниб ёзганларга ҳам жазо борми? Hudud24.uz ушбу мавзуда муҳим маълумотларни беради.

1. Ҳақорат қилиш нима?

Ҳақорат қилиш бу шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ҳисобланади. Яъни, масалан, кимдир бошқа бировнинг шахсини камситса, уни уятли сўзлар билан сўкса, шаънини “ер”га урса бу ҳақорат қилиш деб топилади ва жавобгарликка сабаб бўлади.

2. Жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниш нима?

Айрим ҳолларда сўкиш ҳақорат деб топилиши мумкин. Аммо айнан кимнидир эмас, ғазаб, стресс ҳолатида ёки умуман бошқача вазиятда ҳеч кимга қаратмасдан уятли сўзларни ишлатиши мумкин. Агар ушбу ҳаракат жамоат жойларида, яъни одамлар тўпланадиган ёки ҳаракатланадиган жойларда содир этилса бу жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниш деб топилиши мумкин ва жавобгарликка сабаб бўлади.

3. Ҳақорат ва сўкинишнинг фарқи нимада?

Ҳақорат қилишда айнан битта ёки бир нечта шахсга қаратилиб, шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ҳолати мавжуд бўлади. Яъни бунда кимнингдир шаъни ва қадр-қиммати қасддан камситилади. Жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниш бўлса айнан битта шахсга қаратилмайди.

4.Ушбу ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қандай?

Ҳақорат қилганлик учун БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (6 млн 8 минг сўмдан 13 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима жазоси белгиланган. Аммо ушбу ҳаракат учун жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд бўлиб, ҳақорат қилган шахс БҲМнинг 200 баравари (68 млн сўм) миқдоридан тортиб 1 йилгача озодликни чеклашгача жазо билан жазоланиши мумкин.

Қонунчиликда жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниш майда безорилик деб топилади. Майда безорилик учун БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Майда безорилик учун жиноий жавобгарлик мавжуд эмас.

5. Интернетда сўкинганлар учун жазо борми?

Албатта, бор. Агар интернет тармоғи орқали сизнинг ҳеч ким ўқиш имконига эга бўлмайдиган, фақатгина сиз ўқишингиз мумкин бўлган “чат”лардан уятли сўзлар билан сўкинишлар бўлса ёки шахсингизни камситувчи сўзлар ишлатилиб ҳақорат қилишса бу ҳақорат қилиш деб топилиши мумкин. Агар барча ўқиш имкони мавжуд бўлган жойларда ҳудди шундай ҳаракатлар содир этилса, бу майда безорилик деб топилиши мумкин.

Эслатма! Ҳаммага ҳар қандай вазиятда ҳурмат билан мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда қонун олдида жавобгарликка тортилиш мумкин. Шунингдек, кимдир ҳақорат қилса ёки сўкинса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга (ички ишлар ва прокуратура органларига) мурожаат қилиш мумкин.

Саламат Туремуратов,

Hudud24.uz колумнисти