Янгиликлар
Давлат хизматлари энди маҳаллаларда кўрсатилади
Аввал хабар берганимиздек, бугун адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев Самарқанд вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди. Бугун вазир ўринбосари Каттақўрғон шаҳар “Ингичка” қўрғонидаги “Нуробод” маҳалласида ҳам бўлди.
Таъкидлаш керакки, ҳозирда мазкур маҳаллада 2 ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 400 нафаридан зиёди 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлардир. Вилоятнинг энг чекка ва олис ҳудуди ҳисобланган ушбу қўрғон аҳолиси давлат хизматларидан фойдаланиш учун қарийб 40 километр масофа босишига тўғри келарди. Эндиликда давлат хизматларининг ўзи маҳаллага келди. Яъни, хизматлардан янада осон ва қулай фойдаланиш имконини берувчи интерактив инфокиоска ўрнатилди. Маҳалла аҳли ушбу интерактив киоскалар ёрдамида 37 турдаги давлат хизматларидан фойдаланишлари мумкин.
Х.Мелиев маҳалла еттилиги ва фуқаролари билан мулоқотда интерактив инфокиоска билан ишлаш тартиби ва афзалликларини тушунтириб, давлат хизматлари соҳасида янги лойиҳалар устида ишланаётганини қайд этди.
Таъкидлаш керакки, адлия вазирлиги томонидан вилоятда бу каби интерактив инфокиоскалар ўрнатилиши лозим бўлган 154 та маҳаллалар рўйхати тасдиқланган бўлиб, дастлабки босқичда ҳар бир туман, шаҳардаги 1 тадан маҳаллага ўрнатиш ишлари бошланди.