Янгиликлар
22
Вазир ўринбосари давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари билан учрашди
Самарқанд вилоят адлия бошқармасида адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Саттаров ва давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли идоралар вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Давлат хизматлари Ягона реестрига киритилган давлат хизматларини кўрсатишга ваколатли 97 та идора томонидан 887 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Шундан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 628 та, бевосита давлат хизматлари марказлари томонидан 356 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Вилоятда 16 та давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 379 минг 242 та давлат хизмати кўрсатилди. Давлат хизматлари кўрсатилишида ваколатли органлар томонидан ютуқлар билан бирга хато ва камчиликларга, қонунбузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилган. Хусусан, ўтган даврда 30 минг 158 та қонунбузилиш ҳолати (шундан 27448 ҳолатда муддат бузилиши, 2515 ҳолатда давлат хизмати кўрсатишни асосиз рад қилиш, 80 ҳолатда ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш, 63 ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатиш) аниқланган.
Мисол учун, cовуқ сув ҳисоблагичини ечиш, ўрнатиш ва тамғалаш хизмати бўйича 19006 та аризадан 3219 тасини кўриб чиқишда муддат бузилишига йўл қўйилган, 98 та ариза асоссиз рад этилган.
Таъкидланишича, ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 31 та тақдимнома ва 649 та огоҳнома киритилган. Шунингдек, 201 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди, 11 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Жавобгарликка тортилганларнинг 35 нафари кадастр идоралари, 35 нафари мактабгача таълим ташкилотлари, 31 нафари сув таъминоти, 24 нафари қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, 18 нафари электр таъминоти корхоналари, 16 нафари соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларидир.
Семинарда тиббиёт муассасалари томонидан туғилишни қайд этишда кўплаб хатоликларга йўл қўйилаётгани муҳокама марказида бўлди. Маълум қилинишича, тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан боланинг туғилган вақти, фамилияси, исм ва ота исми ҳамда уларнинг ота-онасининг никоҳи ҳақидаги маълумотларни ёзишда кўплаб имловий ва техник хатоликларга йўл қўйган ҳолда ахборот тизими орқали ФҲДЁ органларига юборилаётганлиги аниқланган.