Bog'lanish

Telefon
(+998 66) 233-13-59

Elektron manzil
samarqand@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

АДЛИЯГА БИРИКТИРИЛГАН ЁШЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛМОҚДА


Самарқанд вилояти адлия идораларига бириктирилган 30 минг нафардан ортиқ ёшларнинг муаммолари, қизиқишлари, мурожаатлари маҳаллабай, хонадонбай тарзида ўрганилган эди. Ўрганиш натижалари асосида ёшларнинг мурожаатлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳал этилмоқда. Хусусан, 7 нафар ана шундай йигит-қизга мотокультиватор ҳамда тикув машинаси топширилди.
Жумладан, пайариқлик Дилдора Мамадиёрова адлия ходимлари хонадонига бориб у билан мулоқотда бўлганида тикувчиликни ўргангани, аммо тикув машинаси йўқлигини айтиб, ёрдам сўраганди. Эндиликда унинг муаммоси ҳал этилди ва у тикувчилик қилиб, ўзини ўзи банд қилмоқчи.
Самарқанд шаҳрида яшовчи Х.Умматованинг вояга етмаган ногиронлиги мавжуд фарзанди бор. Самарқанд шаҳар адлия бўлими давлат хизматлари маркази ходимлари оталиққа олинган боланинг ҳолидан хабар олиш, ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш учун хонадонига борганида Х.Умматова фарзандини моддий таъминлаш мақсадида ёрдам сўраган эди. Бу аёлга ҳам тикув машинаси топширилди.
Жомбойлик Аваз Усмановнинг деҳқончилик қилиш учун ер сўраб қилган мурожаати ҳам қаноатлантирилди. Нурободлик Дилдора Ҳолиқбердиевага “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида чорвачилик билан шуғулланиши учун 25 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
– “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да Самарқанд вилоятидаги адлия органлари томонидан ёшлар манфаатларига қаратилган кўплаб лойиҳалар йўлга қўйилди, — дейди Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Саттаров, — Хусусан, вилоят адлия бошқармаси томонидан оталиққа олинган айрим ёшлар касб-ҳунарга бўлган қизиқишларидан келиб чиқиб, ўқишга жойлаштирилди, бандлиги таъминланди. Бошқаларининг ўқишга тикланишига ҳуқуқий кўмак кўрсатилди. Ҳатто ҳарбий хизматга бориш истагида бўлган ёшлар Мудофа бўлими билан ҳомкорликда бир ойлик муддатга ҳарбий хизматга юборилиши таъминланди. Тадбиркорлик қилиш, ўзини ўзи банд қилиш истагидаги ёшларга фаолиятини йўлга қўйишга амалий ёрдам кўрсатилди.
Мазкур тадбирлар доирасида вилоятдаги энг чекка ва аҳолиси кўп бўлган маҳалла, қишлоқлардаги маҳалла биноларида мўъжаз кутубхоналар ташкил этилди.