Янгиликлар
01
ТАДБИРКОРЛАР МУАММОЛАРИ АДЛИЯ ЭЪТИБОРИДА
Тадбиркорлар бугун давлат ва қонун ҳимоясида. Хоҳ маҳаллий тадбиркор, хоҳ хорижлик инвестор бўлсин, уларнинг эркин фаолият юритиши, импорт ва экспорт билан эркин шуғулланиб, жаҳон бозорига чиқишлари учун барча имтиёзлар, имкониятлар муҳайё. Бу йўлда ҳуқуқий ёрдам, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимояланиши ҳам кафолатланган. Айниқса, адлия масъуллари тез-тез уларнинг эшигини тақиллатиб туришади. Бу бежизга эмас, мақсад — уларни қийнаётган муаммолар, таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш, биргаликда ечим топиш.
Хусусан, куннинг иккинчи ярмида А.Каримов Ургут туманидаги эркин иқтисодий зонада бўлиб, тадбиркорлар фаолияти билан танишишдан бошлади.
Иқтисодий зонадаги болалар тагликлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган умумий қиймати 3 125,0 минг доллар бўлган “Innovation med total” корхонаси айни пайтда 30 кишидан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган йирик корхоналардан бири. Муҳими, завод ишчилари маҳаллий аҳолидан иборат.
Вазир ўринбосари мазкур корхонада бўлди ва уларнинг иш фаолияти билан танишди, тадбиркор, ишчилар билан мулоқот қилди. Таъкидлаш керакки, замон талаблари асосида болалар тагликлари, тиш чўткаси ва гигиеник воситалар ишлаб чиқараётган корхона раҳбари Шаҳоб Мирбобоев вазир ўринбосари билан суҳбатда қонунчиликка бир қатор таклифларини илгари сурди.
Мазкур корхонада барча жараён хориждан келтирилган замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар ёрдамида амалга оширилади. 2023 йилда тадбиркорга тегишли корхоналар жами 34 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган. Жорий йил ўтган даврида бу кўрсатгич 20 миллиард 60 миллион сўмни ташкил қилиб, 45 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Маҳсулотлар ҳозирда Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияга экспорт қилинмоқда.
Мулоқотлар давомида ўрганилган муаммолар ва таклифлар алоҳида рўйхатга олиниб, қонуний тартибда ҳал қилинадиган бўлди. Вазир ўринбосари хизмат сафарини эртага Пастдарғом ва Жомбой туманларида давом эттиради.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси