Янгиликлар
МАТБУОТ АНЖУМАНИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда адлия органларининг роли ниҳоятда катта. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Фармони адлия органлари, ходимларининг бу борадаги фаолият йўналишларини янада кенгайтирди, қўшимча вазифалар юклади. Лўнда қилиб айтганда, адлия органлари фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этишда янгича тизим асосида ишлашга ўтмоқда.
Бугун вилоят Матбуот уйида мазкур фармон мазмун-моҳияти ва уни қабул қилишнинг заруратига бағишланган матбуот анжуманида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Саттаров, вилоят юридик техникуми директори Ойбек Ширинов мавзу доирасида маълумот берди.
— Фармондан кўзланган энг асосий мақсад эса адлия органлари кўпроқ одамлар орасида, маҳаллаларда бўлиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларини биргаликда ҳал этишга кўмаклашишдир, — деди С.Саттаров. — Фармон билан адлия органларининг қўшимча янги фаолият йўналишлари белгиланди. Мақсад жойларда аҳоли кўтараётган долзарб муаммоларни ҳал қилиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал қилиш ҳамда аҳолига, аввало ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлашдир.
Фармон билан мактабларда ҳуқуқий таълим-тарбияга алоҳида эътибор берилган. Чунки, шу орқали ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб чуқурроқ ўргатиш мақсад қилинган.
Шунингдек, Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Унга кўра, жорий йилнинг 1 июнидан давлат органларига ҳуқуқий ахборотни етказиш бўйича Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими ишга туширилади. Шу йилнинг 1 июлидан “Мадад” нодавлат ташкилотининг барча туман ва шаҳарларда маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади. Бугунги кунда вилоятдаги 12 та: Самарқанд шаҳар, Тойлоқ, Иштихон, Пайариқ, Нарпай, Жомбой, Булунғур, Пахтачи, Қўшработ, Каттақўрғон, Ургут, Оқдарё туманларида уларнинг филаллари мавжуд.
Фармон билан марказлар орқали яна 13 та янги хизматлар жорий этилмоқда. Йил якунига қадар давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади ва фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмайди. Аҳоли гавжум жойлар, маҳаллалар 24/7 режимида онлайн давлат хизматларини кўрсатадиган интерактив киоскалар билан босқичма-босқич таъминланади, йил якунига қадар марказлар ва Ягона портал орқали кўрсатиладиган 13 та янги давлат хизматлари жорий этилади, 18 та хизмат проактив ва композит шаклларига ўтказилади, 15 та давлат хизмати якка тартибдаги тадбиркор томонидан агент сифатида кўрсатилиши йўлга қўйилади.
2025 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ягона электрон базаси – Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади. Шунингдек, Адлия вазирлигининг бир қатор муассасаларини бирлаштирган ҳолда яхлит иккита институт ташкил қилинмоқда, булар Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти.
Ҳужжатга мувофиқ, Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгашлари ташкил қилинмоқда. Мазкур апелляция кенгашлари маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш натижасида ушбу ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши биринчи галда аҳолининг манфаатларига хизмат қилиб, уларнинг судма-суд ортиқча овора бўлиб юришининг олдини олади, давлат хизматлари кўрсатилишида йўл қўйилган хатоларни судгача бўлган тартибда тузатиш имконини беради.
Шунингдек, Фармон билан интеллектуал мулк соҳасида вазирликка бир қатор ҳуқуқлар берилди. Вилоят юридик техникуми директори Ойбек Ширинов Наманган ва Самарқанд вилоятларида ташкил этилаётган юридик лицейлар ва уларнинг фаолият йўналишлари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Умуман олганда, Фармон билан адлия органлари халқчил тузилмага айланиб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдаги ўрни янада ошди.