Янгиликлар
17
Адлия ходимлари профилактик суҳбатдан ўтказилмоқда
Ҳар куни адлия органларига юзлаб фуқаролар ҳуқуқий масалалар билан мурожаат қилади. Бу юзлаб муаммо, юзлаб ҳуқуқий иш, юзлаб турфа тақдирлар дегани. Бунда сифатли ҳамда шаффов тарзда хизмат кўрсатиш, масаланинг вақтида ва қонуний кўриб чиқилиши жуда муҳим.
Тизим ходимлари фуқаро мурожаати билан ишлашда ортиқча оворагарчилик, манфаатлар тўқнашуви, коррупцион хатти-ҳаракатларга йўл қўйиши, одоб-ахлоқ қоидаларидан четга чиқиши, сунъий тўсиқларни вужудга келтириши мумкин эмас. Бу тартиб-интизомни ҳар бир адлия ходими ўзига шиор қилиб олиши зарур. Сабаби адлия эшигини тақиллатиб келган ҳар қандай фуқаро хизматлардан рози бўлиб кетиши шарт.
Шу мақсадда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти туман ва шаҳарларда бўлиб, адлия органлари раҳбарлари, ходимлари билан профилактик суҳбатлар ўтказишмоқда. Навбатдаги ана шундай тадбирлар Қўшработ, Иштихон, Оқдарё туманларида бўлди.
Унда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Қурбонов “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш” сиёсати, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупциявий хавф-хатарлани баҳолаш” услубиёти, “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари” мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш берди. Бу қоидаларга ҳамма бўйсиниши, фуқароларга ушбу ҳужжатларда белгиланган талаблар асосида хизмат кўрсатиш кераклиги ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ушбу ҳужжатлардан тизим ходимларининг нечоғлиқ хабардорлигини ҳам синовдан ўтказди.
Бундан ташқари ходимларга Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши муросасиз курашиш, ходимларининг меҳнат интизоми ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини таъминлаш, ходимлар ўртасида турли хил ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилди. Айниқса, давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланиш тартиби ҳақида марказларга келаётган фуқароларни хабардор қилиб бориш ҳақида тавсиялар берди.